“Ғазога бефарқлик – жиноятга шериклик”. Эрдўған халқаро ташкилотларни ҳаракатга чақирди

Олам

image

Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Ғазо секторида содир бўлаётган воқеаларни “инсониятга қарши жиноят” деб атаб, уларни эътиборсиз қолдиришни жиноятга шериклик сифатида баҳолади. Бу ҳақда у кеча, 22 июль куни Истанбулда бўлиб ўтаётган IDEF 2025 мудофаа саноати кўргазмасида сўз очди.

Эрдўғанга кўра, Исроил томонидан Ғазога гуманитар ёрдам киришини тўсиб қўйиш оқибатида юзлаб болалар очликдан азият чекмоқда. 

“Исроилнинг Ғазодаги геноциди нацистларнинг қилмишларидан ҳам ошиб кетди. Ҳеч бир инсонийлик туйғусига эга одам бу ваҳшийликка жим қараб туролмайди”, деган Туркия раҳбари. 

Эрдўған халқаро ҳамжамиятни бу адолатсизликка қарши биргаликда чора кўришга чақирган. 

“Одамлар очликдан ҳалок бўлаётган бу ноаниқ кунларда бутун дунёни инсоният номидан ҳаракатга чақираман. Бу ваҳшийлик ва ёвузликка барҳам бериш вақти келди”, деган Эрдўған. 

Президент Эрдўған, шунингдек, глобал кучлар мувозанатининг ўзгараётгани ва халқаро майдондаги рақобат кучаяётганини таъкидлаган. Шу фон остида Туркиянинг мудофаа саноатидаги ютуқларига ҳам тўхталган. 

Унга кўра, Туркияда маҳаллий ишлаб чиқариш даражаси 80 фоиздан ошган, 2024 йилда экспорт 29 фоизга ошиб, 7,154 миллиард долларга етган. 

Маълумот учун, Ғазодаги Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўзининг сўнгги бюллетенида Исроилнинг Ғазога қарши урушида 2023 йил 7 октябрдан бери камида 59 106 киши ҳалок бўлгани, 140 505 киши яраланганини маълум қилган. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ дунёнинг 25 давлати Исроилнинг Ғазога қарши урушини қоралаб, ушбу босқинни зудлик билан тўхтатишга чақирганди. Улар Исроил, Фаластин ва бутун минтақада хавфсизлик ва тинчликка олиб келадиган сиёсий ечим йўлида қўшимча чоралар кўришга тайёр эканини билдирган.


Мақола муаллифи

Теглар

Истанбул Ражаб Тойиб Эрдўған Ғазо IDEF 2025

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг