Трамп ҳокимиятга келиши билан туннель охирида ёруғлик кўринди – Путин

Олам

image
“Келиша олмадик”. Трамп-Путин Аляскада нималар деди? north_east

“Келиша олмадик”. Трамп-Путин Аляскада нималар деди?

АҚШ Президенти Дональд Трампнинг лидерлик сифатлари Россия АҚШ билан муносабатларни тиклаши учун яхши гаров ҳисобланади. Бу ҳақда Россия Президенти Владимир Путин кеча, 22 август куни Саровдаги “ёпиқ шаҳар” ядро марказида атом соҳаси корхоналари ходимлари билан учрашувда маълум қилди.

Унинг таъкидлашича, Иккинчи жаҳон уруши тугаганидан буён Россия ва АҚШ муносабатлари жуда паст даражага тушиб кетган.

“Мен бу ҳақда кўп марта айтганман. Аммо Президент Трамп келиши билан “туннель охиридаги ёруғлик” барибир кўринди, деб ўйлайман”, деди Россия етакчиси.

Путин, шунингдек, Америка Президенти билан Аляскадаги учрашувини “жуда самарали” деб атади.

“Аляскада жуда яхши, мазмунли ва очиқ учрашув бўлди”, деди у.

Президент сўзларига кўра, Аляскадаги саммитдан кейин ҳам Россия ва АҚШ алоқалари вазирликлар, идоралар ва икки мамлакат компаниялари даражасида давом этмоқда.

“Умид қиламанки, қўйилган дастлабки қадамлар – бу бизнинг муносабатларимизни тўлиқ тиклашнинг бошланишидир, холос”, деди Путин.

Шу билан бирга, у бу жараён фақат Россияга боғлиқ эмаслигини таъкидлади.

“Бу, энг аввало, Ғарбдаги шерикларимизга боғлиқ, чунки АҚШ ҳам турли иттифоқлар, жумладан НАТО доирасидаги мажбуриятларга эга. Кейинги қадамлар айнан АҚШ раҳбариятига боғлиқ. Аммо ишонаманки, амалдаги Президент, Президент Трампнинг лидерлик сифатлари муносабатларни тиклаш учун яхши гаров бўлади. Ва умид қиламанки, бу майдондаги ҳамкорлик суръати сақланиб қолади”, деди Россия раҳбари.

Путин, шунингдек, Россия компаниялари, жумладан суюлтирилган газ соҳасида ишлайдиган “Новатэк” компанияси, Арктика ҳудудида европалик ва осиёлик шериклар билан ҳамкорликда иш бошлаганини маълум қилди.

“Биз, айтиб ўтиш жоизки, Америка шериклари билан ҳам бу соҳада бирга ишлаш имкониятини муҳокама қиляпмиз, нафақат Арктикада, балки Аляскада ҳам”, деди у.

Россия Президенти мамлакат учун суверенитетни сақлаш аҳамиятини ҳам қайд этди.

“Суверенитетсиз тинчгина яшайдиган давлатлар бор. Бугунги Ғарбий Европада деярли шундай ҳолат. Бошқа кўплаб давлатлар ҳам борки, ўзларини нормал ҳис қилади. Россия эса йўқ – суверенитетни йўқотса, Россия бугунги кўринишда мавжуд бўлишдан тўхтайди”, деди у.

Путин, шунингдек, “нодўстона” деб аталадиган давлатлар билан ҳам атом соҳасида ҳамкорлик давом этаётганини таъкидлади.

“Биз ҳали ҳам у ерга ядро ёқилғиси етказиб беряпмиз. Хизматлар кўрсатяпмизми? Ҳа, кўрсатяпмиз, ҳамон катта ҳажмда. Атом тиббиёти ва бошқа соҳаларда ҳам янги йўналишлар пайдо бўляпти. Бу аввал қандай бўлган бўлса, ҳозир ҳам шундай”, деди у.

Президент, шунингдек, “нодўстона” мамлакат олимлари билан ҳам иш давом этаётганини айтди ва Гатчинада илмий реакторни кўрганини, у ерда европалик мутахассислар ишлаётганини эслаб ўтди.

“Бизда “нодўстона давлатлар” йўқ, айрим мамлакатларда “нодўстона элита” бор”, деди Путин.

Россия раҳбари атом соҳасидаги асосий ҳамкорлик, асосан, “дўстона давлатлар” билан амалга оширилганини қўшимча қилди.

“Асосий буюртмалар Хитой, Ҳиндистон, Бангладешдан келган. Туркияда ҳам лойиҳа пайдо бўлди – “махсус ҳарбий операция” бошланганидан кейин, гарчи у НАТО давлати бўлса-да. Фақат Финляндия чиқиб кетди. Венгрияда эса ишни давом эттираяпмиз, гарчи у ЕИ ва НАТО аъзоси бўлса ҳам”, деди у.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Россия Владимир Путин Дональд Трамп

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг