ИИО ходими кушхонадан қочган буқани отиб ўлдирди (видео)
3-саҳифа
−
21 Август 2025 19604 2 дақиқа
Кеча, 20 август куни ижтимоий тармоқларда кушхонадан қочиб кетган буқа фуқароларни сузиб кетгани ва ички ишлар органи ходими томонидан отиб ўлдирилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси бугун, 21 август куни муносабат билдирди.
Қайд этилишича, тунги соат 02:00 да Чилонзор тумани 1-сон Ички ишлар бўлимига кушхонадан қочиб кетган қорамол бир нафар фуқарони сузиб кетгани ва бошқа тинч аҳоли вакиллари ҳаётига ҳам хавф туғдираётгани ҳақида хабар тушган. Чилонзор тумани Бектўпи маҳалласида туман Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўлимидан тунги хизматга жалб қилинган ходимлар кушхона ишчилари билан биргаликда ушбу йирик қорамолни тутиш учун ҳаракатга тушган.
Билдирилишича, Чилонзор тумани ИИО ФМБ 1-сон ИИБ бошлиғи Бахтиёр Хўжаев воқеа жойига зудлик билан етиб борган.
“1972 йилда туғилган фуқаромиз ҳақиқатан буқа томонидан сузилганини, яъни жароҳат олганини кўрдик ва тез тиббий ёрдам ходимларини чақирдик. Шундан сўнг ушбу буқани ушлаш мақсадида тунги хизматга тушган экипажларни чақирдим”, дейди Бахтиёр Хўжаев.
Унинг билдиришича, буқа кўчада одамларга қараб югуриб кетаётганда машинаси билан уни сиқиб, уришга мажбур бўлган. Буқа уни ушлашга уринган инспекторни ҳам сузиб ўтиб кетган. Инспектор шифохонага ётқизилган.
“Бемор эрталаб буқа сузиб юбориши оқибатида тан жароҳати олиб, оғир ҳолатда бизга олиб келинди. Беморда бош миянинг ёпиқ жароҳати, бош мия чайқалиши, кўкрак қафаси, юз соҳаси, кўкрак қафаси олд юзаси ва ён юзаларида шикастланган жароҳатлари кузатилди ва керакли текширувлар қилинди. Ҳозирда беморнинг ҳолати ўрта оғирликда. Эндиликда бемор нейрохирургия бўлимида яна даволанишни давом эттиради”, дейди шифокор.
Билдирилишича, буқа шаҳар кўчалари бўйлаб югуриб юргани сабабли бошқа фуқароларга яна шикаст етказмаслиги учун унга ўқ отилган ва зарарсизлантирилган.
Live
Барчаси