Лавров Украинага ким хавфсизлик кафолати бериши кераклигини айтди
Олам
−
20 Август 15221 2 дақиқа
Россия Украинага бериладиган хавфсизлик кафолатлари Хитой, АҚШ, Буюк Британия ва Франция иштирокида тенг асосда таъминланишига қарши эмас. Бу ҳақда Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров бугун, 20 август куни Москвада Иордания Ташқи ишлар вазири Айман ас-Сафади билан ўтказган қўшма матбуот анжуманида сўз очди.
“Буюк Британия, Франция, Германия жамоавий хавфсизлик кафолатларини ишлаб чиқмоқчилиги ҳақидаги хабарларга келсак, биз бу кафолатлар чинакам ишончли бўлиши тарафдоримиз”, деган Ташқи ишлар вазири.
Унинг эслатишича, 2022 йилнинг апрелида Истанбулдаги музокараларда Украина делегацияси БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзолари (Россия, Хитой, Франция, АҚШ, Буюк Британия) томонидан Украинага хавфсизлик кафолатларини ишлаб чиқиш бандини тинчлик келишувида мустаҳкамлашни таклиф қилган.
“Бундан ташқари, айрим давлатлар ҳам тилга олинган эди. Германия, Туркия ва бошқа мамлакатлар бу кафолатчилар гуруҳига қўшилишдан манфаатдор бўлиши мумкинлиги айтилган. Россия томони ўшанда бу таклифни қўллаб-қувватлаган эди”, дея қўшимча қилган Лавров.
Шунингдек, у хавфсизлик кафолатлари Россия билан ҳал қилиниши кераклигини айтган.
“Ҳозир хавфсизлик ва жамоавий хавфсизлик масалаларини Россиясиз ҳал қилишни таклиф қилинаётганига биз рози бўла олмаймиз. Бу имконсиз. Биз бир неча бор тушунтирдик – Россия ўз манфаатларини ошириб юбормайди, лекин қонуний манфаатларимизни қатъий ва кескин ҳимоя қиламиз”, деган Россия Ташқи ишлар вазири.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Франция Президенти Эммануэль Макрон Европа мамлакатлари Украинага “тинчликпарвар кучлар” ва қуруқликдаги операциялар орқали ёрдам бериши кераклигини айтганди. Макронга кўра, тинчликни таъминлаш учун кучли Украина армияси зарур бўлади ва Украинага қуруқликдаги операциялар билан ёрдам кўрсатиш шарт. У, шунингдек, Украинага иттифоқчилари томонидан тақдим этилиши мумкин бўлган тинчликпарварлик миссияларига эҳтиёж туғилишини таъкидлаган.