Озарбайжон МО ва Европани боғлашда стратегик кўприк бўляпти – Мирзиёев
Жамият
−
18 Август 3940 3 дақиқа
Озарбайжон Марказий Осиё ва Европани боғлашда стратегик кўприк вазифасини бажариб келмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев “Ўзбекистон, Озарбайжон ва Европа: умумий тараққиёт йўлида ҳамкорлик” мавзусида ўтаётган юқори даражадаги учрашув иштирокчиларига йўллаган мурожаатида маълум қилди.
Президент Мирзиёев форумда кўплаб вакиллари иштирок этаётган Европа билан муносабатлар ўзининг мутлақо янги ривожланиш даврини бошидан кечираётганини қайд этган.
“Яқинда биз юртимизда илк бор “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” саммитини ўтказдик. Унда минтақамиз ва Европа Иттифоқи мамлакатлари ўртасида стратегик шериклик ўрнатиш тўғрисида тарихий қарор қабул қилинди. Яқин ойларда Европа Иттифоқи билан Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимни имзолаймиз.
Биз Европа Иттифоқи ва бошқа шерикларимиз билан биргаликда самарали транспорт-логистика ва энергетика йўлакларини ривожлантириш бўйича аниқ мақсадга йўналтирилган ишларни давом эттирамиз. Ишонамизки, ушбу чора-тадбирлар минтақамизнинг Ғарб ва Шарқ ўртасидаги хаб сифатидаги ролини қайта тиклаш имконини беради”, дейди Президент.
Шунингдек, Мирзиёев Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиевнинг янги умумминтақавий жараёнларни ривожлантиришда иштирок этишга тайёр эканини юқори баҳолашини, унинг Жанубий Кавказ ва Марказий Осиё ҳамкорлигини мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини юксак қадрлашини билдирган.
“Фурсатдан фойдаланиб, дўст Озарбайжон халқини улкан тарихий ютуқ – яқинда Вашингтонда АҚШ воситачилигида Арманистон билан уч томонлама Қўшма декларация имзолангани билан яна бир бор чин дилдан қутлаймиз”, деган Ўзбекистон етакчиси.
Президент Ўзбекистон ва Марказий Осиё минтақаси ҳозирги мураккаб даврда халқаро ҳамжамиятга бебаҳо бойлик – барқарорлик, ишонч ва тараққиётни таклиф этаётганини қайд этган.
“Бугунги янги шароитда олдимизда ҳамкорлик бўйича кенг уфқлар очилмоқда, ўзаро манфаатли ва икки томонга ҳам фойда келтирадиган масалалар юзасидан биргаликда ишлаш учун янги имкониятлар пайдо бўлмоқда, деб ҳисоблайман. Бу борада сизларнинг қўллаб-қувватлашингиз ва келгусидаги ҳамкорлигингизга умид қиламиз”, дейди Мирзиёев.
Шунингдек, Президент Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ ўртасидаги ўзаро боғлиқлик масалалари, ушбу икки йирик минтақанинг Европа билан ҳамкорлик истиқболлари бугунги анжуманнинг бош мавзуси этиб белгилангани ғоят муҳим, деб ҳисоблашини билдирган. У буни ўзаро ҳамжиҳатлик ва ҳамкорлик жараёнлари жадаллашиб бораётган Марказий Осиёни жаҳонга янада кенгроқ таништириш, минтақалараро ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш, шунингдек, Ўзбекистон ва Озарбайжоннинг салоҳият ҳамда имкониятларидан тўлиқ фойдаланиш юзасидан фикр алмашиш учун ноёб имконият сифатида қабул қилишини қайд этган.
Таъкидлаш керакки, сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг Озарбайжон билан ўзаро ишонч ва бир-бирини қўллаб-қувватлаш руҳидаги муносабатларини фаол ривожланмоқда, Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартнома имзоланган, Давлатлараро олий кенгаш фаолият кўрсатмоқда.
Live
Барчаси