Россия ҳарбий заводидаги портлашда ҳалок бўлганлар 20 нафарга етди

Олам

image

Россиянинг Рязань вилояти Шиловский туманида жойлашган “Эластик” порох заводида юз берган портлаш оқибатида 20 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда ҳудудий РБК хабар берди.

Портлаш 15 август куни эрталаб “Эластик” заводида содир бўлган. Завод қурол ва ўқ-дорилар ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Портлаш оқибатида порох цехининг биноси тўлиқ вайрон бўлган.

“Астра” нашрига кўра, ёнғин кейинчалик тротил сақланадиган омборга ва 152 миллиметр калибрли ўқ-дорилар ишлаб чиқарадиган иккинчи цехга ҳам тарқалган. Умумий ҳисобда тўрт бино бутунлай вайрон бўлган. Портлаш сабаби ҳозирча аниқ эмас. Дастлаб асосий версия сифатида хавфсизлик қоидаларининг бузилиши кўриб чиқилган. 

“Маш” эса иш жараёнида ўқ-дорилар детонацияси юз берганини ёзган. Шу воқеа бўйича Россия Жиноят кодексининг 217-моддаси 3-қисми (хавфли ишлаб чиқариш объектларида саноат хавфсизлиги талабларини бузиш оқибатида одамлар ҳалок бўлишига сабаб бўлиш) бўйича жиноят иши қўзғатилган.
Ҳалок бўлганлардан ташқари, 154 киши жароҳат олган, улардан 31 нафар бемор Рязань ва Москва шифохоналарида даволанмоқда. 

Қидирув-қутқарув ишлари давом этмоқда. Расмий маълумотга кўра, вайрон бўлган 3000 квадрат метр майдоннинг ярми тозаланган. Итлар ёрдамида барча биноларда тирик қолганларни излаш ишлари олиб борилган. 

Бу “Эластик” заводида охирги 4 йил ичида кўплаб қурбонларга сабаб бўлган иккинчи йирик портлаш ҳисобланади. Аввалги портлаш 2021 йилда содир бўлган эди ва ўшанда 17 киши ҳалок бўлганди. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россиянинг Саратов шаҳридаги ўн қаватли тураржой биносида портлаш юз берган ва портлаш оқибатида 3 киши ҳалок бўлганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Рязань ҳарбий завод Эластик

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг