Саратовда кўп қаватли уй портлади. Қурбонлар бор (видео)

Олам

image

Бугун, 25 июль куни Россиянинг Саратов шаҳридаги ўн қаватли тураржой биносида портлаш юз берди ва портлаш оқибатида уч киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда РБК хабар берди.

“Кўп хонадонли, ўн қаватли тураржой биносининг кириш қисмида портлаш содир бўлди. Ҳозирда ёнғин-қутқарув хизматлари воқеа жойида ишламоқда”, дейилади хабарда. 

Фавқулодда хизматлар вакилларининг сўзларига кўра, портлаш оқибатида бинонинг 10-қаватидан 1-қаватигача бўлган қисми қулаб тушган. Бироқ портлашдан сўнг ёнғин чиқмаган. 

РБК ахборотига кўра, бинонинг бурчакдаги кириш қисми қулаган, энг катта вайроналар 7-қаватдан 10-қаватгача бўлган қисмда юз берган. Ҳозирда воқеа жойида ёнғин-қутқарув бригадалари ишламоқда.

Айни пайтда уч нафар ҳалок бўлган киши ҳақида маълумот бор, бироқ бино остида ҳам одамлар қолиб кетган бўлиши мумкин. 

РИА Новости нашрининг ёзишича, ҳалок бўлганлар орасида бир бола ҳам бор. Уйда яшовчилар эвакуация қилинган, улар учун вақтинчалик яшаш пунктлари ташкил этилган. Яна бир қўшни бино ҳам зарар кўрган, у ерда ҳам одамлар бўлиши мумкин.

Дастлабки маълумотларга кўра, ҳодисага газ портлаши сабаб бўлган. Шу муносабат билан терговчилар томонидан “хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган хизмат кўрсатиш” моддаси бўйича жиноий иш қўзғатилган.

Қайд этилишича, ушбу бино 2009 йилда қурилган ва фойдаланишга топширилган. Унда 5 та кириш қисми ва 195 та хонадон мавжуд.
“Mash” Telegram-канали хабарига кўра, қулаб тушган уй остидан 10 киши қутқариб олинган, улар орасида бетон плитаси босиб қолган 5 ёшли қизча ҳам бор.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Федерацияси қўшинлари Украинанинг Киев шаҳрига ракета ва дронлар билан ҳужум уюштирганди. Ҳодиса оқибатида кўп қаватли уй қулаб тушган ва олти нафар тинч аҳоли вакили ҳалок бўлган.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия портлаш Саратов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг