Энди ўзбекистонликлар Мисрга мева экспорт қилиши мумкин

Жамият

image

Эндиликда Ўзбекистонда етиштирилган янги узилган ўрик, олхўри ва нектарин, шунингдек, пўсти олинмаган ёнғоқ ва бодом Миср Араб Республикасига экспорт қилиниши мумкин. Бу ҳақда Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги хабар берди.

Қайд этилишича, агентлик бу имкониятни яратиш учун Миср томони билан музокаралар олиб борган ва маҳсулотлар бўйича фитосанитар рухсатлар олган. Маҳсулотлар жўнатилишидан фитосанитар назоратдан ўтказилиб, Миср учун карантин аҳамиятига эга зараркунандалардан холи эканлиги тасдиқлангандан сўнг фитосанитар рухсатнома расмийлаштирилади. Халқаро талабларга мувофиқ, ҳар бир жўнатма ISPM №7 ва ISPM №12 стандартларига мувофиқ фитосанитария сертификати билан расмийлаштирилиши белгиланган.

“Янги турдаги маҳсулотларга фитосанитар рухсатлар олиниши Ўзбекистон учун экспорт географиясини кенгайтириш, Яқин Шарқ ва Африка бозорларига кириш учун “кўприк” яратиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг мавсумий сотув даврини узайтириш имкониятини беради”, дейилади хабарда.

Маълумот ўрнида, Миср – 110 миллиондан ортиқ аҳолига эга бўлган, Африка ва Яқин Шарқ минтақасидаги энг йирик истеъмол бозорларидан бири. Мева-сабзавот маҳсулотларига бўлган талаб йил давомида мавжуд. Шу боис Миср ҳар йили юз минглаб тонна янги узилган маҳсулотларни импорт қилади. Бугунги кунда Ўзбекистондан Мисрга 25 турдаги маҳсулот экспорти учун фитосанитар рухсатлар олинган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон 2024 йил январь-декабр ойларида 1,5 млрд АҚШ доллари қийматидаги 2 млн тонна мева-сабзавот экспорт қилгани хабар қилинганди. Энг кўп мева Россияга экспорт қилинган – 815,1 минг тонна (632,9 млн доллар).


Мақола муаллифи

Теглар

мева экспорти Миср Араб Республикаси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг