Ўзбекистондан Хитойга қовун, анор, узум, лимон экспортига йўл очилди
Жамият
−
26 Апрель 2019
4289Хитой Халқ Республикаси пойтахти Пекин шаҳрида 22-23 апрель кунлари Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Элёр Ғаниев, “Ўздавкарантин” инспекцияси бошлиғи Иброҳим Эргашев Хитойнинг Божхона маъмурияти бошлиғи Ни Юфен билан фитосанитар талаблар асосида қатор маҳсулотлар экспортини амалга ошириш борасида музокара олиб борди.
Музокара чоғида Хитойга қовун экспортига фитосанитария рухсатномасини бериш тартиби муҳокама қилинди. Хитой томони Инспексия томонидан олинган техник маълумотларга асосан, зараркунанда хавфини таҳлил қилиш жараёни якунланганини таъкидлади. Хитой қонунчилигига кўра, хитойлик мутахассислар қовун далаларини обдон текширади. Якунда тегишли ҳужжат имзоланади ва ушбу маҳсулотларни импортига рухсат берилади.
Бундан ташқари, 2019-2020 йилларга мўлжалланган идоралараро ҳамкорлик дастури лойиҳаси кўриб чиқилди. Икки йиллик муддатни ўз ичига олган мазкур ҳужжатда Ўзбекистондан Хитойга қовун, анор, узум, лимон ва бошқа маҳсулотлар экспорти масаласи кўзда тутилган. Ушбу ҳужжат жорий йилнинг май ойида хитойлик мутахассисларнинг Тошкент шаҳрига ташрифи доирасида имзоланиши мумкин.
Учрашувда ўсимликлар карантини тизимида соҳа ходимларининг малакасини ҳамкорликда ошириш сингари масалалар ҳам муҳокама қилинди.
LiveБарчаси