Ўзбекистон-Хитой ўртасида махфий ахборотни ҳимоя қилиш бўйича битим маъқулланди
Жамият
−
04 Октябрь
1813Жорий йилнинг 30 сентябрь куни бўлиб ўтган Олий Мажлис Сенатининг 58-ялпи мажлисида сенаторлар Хитой билан махфий маълумотларни ўзаро ҳимоя қилиш тўғрисидаги ҳукуматлараро битимни ратификация қилиш тўғрисидаги қонунни маъқуллади. Бу ҳақда Сенат матбуот хизмати хабар берди.
Ҳужжат имзолаш учун Президентга юборилган. 19 та моддадан иборат битим 2023 йил 18 май куни Циан шаҳрида Президент Шавкат Мирзиёевнинг Хитойга ташрифи доирасида имзоланган. Ўзбекистон томонидан Давлат хавфсизлик хизмати ваколатли орган этиб белгиланган.
Ҳужжатнинг 15-моддасига кўра, халқаро ҳужжат номуайян муддатга тузилади. Битим давлат ички тартиб-таомиллари бажарилганлиги тўғрисидаги охирги хабарномадан кейин кучга киради.
Битимда узатилаётган ва қабул қилинаётган ҳар қандай шаклдаги махфий ахборотни ўзаро ҳимоя қилиш, шунингдек, миллий қонунчилик бўйича махфийлик даражаси, махфийлик (“алоҳида муҳимлик”, “мутлақо махфий”, “махфий”) белгиларини таққослаш, махфий ахборотни ҳимоя қилиш, уни узатиш ва ундан фойдаланиш билан боғлиқ масалаларни аниқлаштириш назарда тутилган.