Тошкентдаги айрим кўчаларда тезлик 80 км/соатгача оширилиши мумкин
Жамият
−
12 Август 2025 5418 1 дақиқа
Тошкент шаҳрининг айрим кўчаларида ҳаракат тезлигини 80 км/соатгача кўтариш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи ўринбосари Элмурод Алимов бугун, 12 август куни халқ депутатлари шаҳар кенгаши йиғилишида маълум қилди.
Йиғилишда Тошкент шаҳрининг Бунёдкор, Себзор, Аҳмад Дониш ҳамда Тошкент ҳалқа йўли ва Янги Ўзбекистон кўчаларида транспорт воситалари учун чекланган юқори тезлик чегарасини 80 км/соатга ўзгартириш ҳамда 12 та кўчада бир томонлама ҳаракат йўналишини ташкил этиш таклиф этилди.
Билдирилишича, мазкур ташаббус ўрганишлар натижалари, шунингдек, маҳаллий ва хорижий тажриба таҳлили асосида тирбандлик ва йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш ва йўл ҳаракати қатнашчиларига қулайлик яратиш мақсадида илгари сурилмоқда
Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 3 апрелдаги “Йўл ҳаракати қоидаларига автомобиль йўлларида ҳаракат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган ўзгартириш киритиш тўғрисида”ги қарори билан шаҳарларда рухсат этилган тезлик чегараси 70 дан 60 км/соатга туширилган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Сурхондарё вилояти ҳудудидан ўтган Термиз-Бойсун автомобиль йўлида ҳаракат тезлиги меъёри 130 километр/соатгача оширилиши мумкинлиги хабар қилинганди.
Live
Барчаси