Россиядан чўчиган Европа ҳарбий салоҳиятини кучайтирмоқда

Олам

image

Украина уруши фонида Европанинг ҳарбий-саноат корхоналари мисли кўрилмаган суръатларда ишлаб чиқаришни кенгайтирмоқда. Бу ҳақда ўз манбаларига таяниб, “Financial Times” хабар берди.

Европа космик агентлигига (ESA) қарашли Sentinel-1 радар сунъий йўлдошларининг маълумотларига кўра, сўнгги 2 йилда йирик Европа мудофаа концернлари 7 миллион квадрат метрдан ортиқ янги ишлаб чиқариш майдонлари қурган. Нашр буни “тарихий даражадаги қайта қуролланиш” деб атаган.

Нашр 37 компанияга тегишли 150 объектни мисол сифатида келтирган. 2024-2025 йилларда янги объектлар майдони 2,8 миллион квадрат метргача етган, бу 2020-2021 йиллардаги 790 минг квадрат метрдан бир неча баравар кўп. Сунъий йўлдош тасвирларида янги йўллар, бинолар ва бошқа инфратузилма қурилиши қайд этилган.

Энг йирик лойиҳалардан бири сифатида Венгриянинг жанубида жойлашган Варпалота шаҳридаги ўқ-дори ва портловчи модда заводи қайд этилган. Уни Германиянинг Rheinmetall концерни ва Венгрия давлат мудофаа холдинги ҳамкорликда қурмоқда. 

“Бу ерда KF41 Lynx пиёда жанговар машинаси учун снарядлар ишлаб чиқарилмоқда, келажакда эса Leopard 2 ва Panther танклари учун ўқ-дорилар ҳам чиқарилиши режалаштирилган”, дейилади хабарда. 

Нашр, шунингдек, Европа Иттифоқининг ASAP дастури доирасида молиялаштирилган 88 объект бўйича маълумотларни ҳам таҳлил қилган. Улардан 20 тасида янги ишлаб чиқариш майдонлари қурилган, яна 14 таси эса автомобиль тўхташ жойлари каби кичик кенгайишлар қилган. Манбага кўра, дастур доирасида Европа Иттифоқи 500 миллион евро ажратмоқда.

НАТО қуролларни назорат қилиш марказининг собиқ директори Уильям Альберкнинг айтишича, бу “ўрта ва узоқ муддатда мудофаа саноатини ўзгартирадиган чуқур таркибий ўзгаришлар”дир. ЕИ мудофаа бўйича комиссари Андрюс Кубилюсга кўра, 2022 йилнинг февралидан бери Европа мамлакатлари йилига ишлаб чиқариладиган ўқ-дорилар ҳажмини 300 мингдан қарийб 2 миллионгача оширган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Норвегия, Швеция ва Дания ҳукумати Украинага АҚШдан қурол харид қилиш учун 486 миллион доллар ажратмоқчилиги ҳақида хабар берилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

НАТО Европа Европа Иттифоқи Украина Европа космик агентлиги

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг