Европа давлатлари Украинага қурол беришга 486 млн доллар ажратмоқчи

Олам

image

Норвегия, Швеция ва Дания ҳукумати Украинага АҚШдан қурол харид қилиш учун 486 миллион доллар ажратмоқда. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.

Қайд этилишича, бу давлатлар НАТО томонидан мувофиқлаштирилаётган АҚШ ташаббуси доирасида Украинага қурол-яроғ етказиб бериш харажатларини қоплашга келишган. Умумий ҳисобда улар 5 миллиард Норвегия крони (тахминан 486 миллион доллар) миқдорида маблағ ажратади.

Швеция Мудофаа вазири Пол Йонсон ҳам бугун, 5 август куни матбуот анжумани ўтказиб, айнан шу масалага тўхталган.

Унинг айтишича, Швеция ушбу ташаббус доирасида 275 миллион доллар ажратиши режалаштирилган. 

“Ушбу ташаббус НАТО томонидан мувофиқлаштирилмоқда. Швециянинг ёрдами Украинанинг ўзини ҳимоя қилиш салоҳиятини мустаҳкамлаш учун зудлик билан тақдим этилади. Қурол-яроғ етказиб бериш келаси ойдаёқ бошланади. Бу Украинанинг мудофаа қобилияти учун жуда муҳим, шунингдек, трансатлантик ҳамкорликни мустаҳкамлашда стратегик аҳамиятга эга”, деган вазир. 

Маълумотларга кўра, 2025 йилнинг февралидан бери Швеция Украинага жами 92,8 миллиард крона (9,58 миллиард доллар) миқдорида ёрдам ажратган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ ва Шимолий Атлантика альянси НАТОнинг Европадаги аъзолари маблағлари ҳисобидан Украинага ҳарбий юк етказиб беришнинг янги механизми устида ишлаётгани ҳақида хабар берилганди. Механизмга кўра, Украина тахминан 500 миллион долларлик пакетлар доирасида зарур бўлган қурол турларига устувор аҳамият беради. Ўз навбатида, НАТО иттифоқчилари бундай қуролларни ким тақдим этиши ёки улар учун пул тўлаши ҳақида ўзаро қарор қабул қилади.


Мақола муаллифи

Теглар

Европа Украина Швеция Норвегия Дания

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг