Трамп Нетаньяхуга бақирди – ОАВ

Олам

image

АҚШ Президенти Дональд Трамп Ғазо секторидаги вазият бўйича Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяхуга ишонмаслигини билдириб, телефон орқали суҳбат давомида унга бақирган. Бу ҳақда Оқ уй расмийларига таяниб, NBC News хабар берди.

Маълум қилинишича, Трамп ва Нетаньяху июль ойи охирида Ғазодаги вазият бўйича телефон орқали асабий суҳбат ўтказган. 

Суҳбат давомида Исроил Бош вазири Трампга Ғазо секторидаги очлик – бу ҲАМАС томонидан уюштирилган сохта даъво эканини айтган. Шунда Трамп унинг гапини бўлиб, баланд овозда унга ишонмаслигини билдирган. 

“Мен очлик ҳақидаги сохта баёнотларни эшитишни истамайман. Ёрдамчиларим менга Ғазода болалар очликдан азият чекаётганига оид далилларни кўрсатди”, деган Трамп. 

Бу суҳбатдан бир кун олдин Нетаньяху омма олдида “Ғазода очлик сиёсати олиб борилмаяпти ва у ерда очлик йўқ”, дея баёнот берган. Ўша пайтда Трамп “унинг гапларига унчалик ишонмайман”, деб айтган.

Исроил расмийлари эса Трампнинг Нетаньяхуга бақиргани ҳақидаги хабарни рад этган. Исроил ҳукумати баёнотида икки етакчи ўртасидаги суҳбат ҳеч қандай кўнгилсиз ҳодисасиз ўтгани билдирилган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 1 август куни АҚШ Президенти Дональд Трампнинг Яқин Шарқ бўйича махсус вакили Стив Уиткофф Ғазо секторига ташриф буюриб, ёрдам тақсимланадиган пунктларни кўздан кечирганди. Унинг сафаридан мақсад – Ғазодаги озиқ-овқат инқирози фонида АҚШ томонидан ишлаб чиқилаётган ёрдам режасини аниқлаштириш эди. Уиткофф Рафаҳ шаҳрида жойлашган тарқатиш марказига борган. Бу ташриф Ғазога ҳозиргача бўлган энг йирик ҳаво орқали гуманитар ёрдам етказилган кунга тўғри келган. Ёрдам БАА, Иордания, Германия, Испания, Бельгия, Франция ва Баҳрайн томонидан юборилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Дональд Трамп Оқ уй Ғазо Биньямин Нетаньяху

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг