“Тинчлик Президенти”. Трамп даврида АҚШ қаерларда ҳарбий операция ўтказди?
Олам
−
04 Январь 2785 3 дақиқа
2026 йил 3 январь куни АҚШ Венесуэла ҳудудига кенг кўламли зарбалар берди. Венесуэла Ташқи ишлар вазирлиги маълумотига кўра, бир қатор ҳарбий ва фуқаролик объектлари ҳужумга учраган, мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қилинди. “Тинчликсевар” АҚШ Президенти Дональд Трамп 2025 йил январда лавозимга киришганидан сўнг Эрон, Яман, Сурия, Сомали, Нигерия ва Кариб денгизи минтақаларида ҳарбий зарбаларни маъқуллади.
Сомали: 2025 йил 1 февралда АҚШ авианосеци “Гарри Трумэн” ва унинг 16 та F/A-18 Super Hornet учувчи гуруҳи Сомали шимолидаги Бари вилоятидаги “Ислом давлати” жангчиларига кучли зарба берди. Бу авианосецдан берилган энг йирик зарба ҳисобланади, ташланган ҳарбий юк умумий вазни 56,7 тонна.
Эрон: 2025 йил 22 июнь куни АҚШ ҳарбий-ҳаво ва ҳарбий-денгиз кучлари Эроннинг учта ядровий объектларига зарба берди. “Midnight Hammer” (Тунги болға) операцияси Фордо, Натанз ва Исфаҳон ядровий объектларига қаратилди. Ҳужумда Tomahawk ракеталари ва B-2 Spirit самолётларидан GBU-57 авиабомбалар ишлатилди. 24 июнда Трамп Эрон ва Исроил ўртасида ўт отишни тўхтатиш келишувини эълон қилди.
Яман: АҚШ Яман хусий ҳаракати – “Ансорулоҳ”нинг ҳарбий объектларига зарбалар беришни давом эттирди. 2025 йил 15 мартда “Гарри Трумэн” авианосеци билан янги босқич бошланди. 6 май куни томонлар ўт отишни тўхтатишга келишди.
Сурия: АҚШ 2025 йилда ИШИД жангариларига қарши 80 та операция ўтказди. Энг йириги – 19 декабрда Иордания ҳаво кучлари билан бирга “Hawkeye Strike” операцияси бўлиб, тахминан 70 та жангари объектлари йўқ қилинди.
Кариб денгизи: 2025 йил августда Венесуэла соҳилларига наркокартелларга қарши операциялар учун АҚШ ҳарбийлари ва кемалари йўналтирилди. Сентябрдан бошлаб тахминан 30 та қутқарувчи қайиқ торпеда қилинди, 100 дан ортиқ киши ҳалок бўлди.
Нигерия: 2025 йил 25 декабрда АҚШ ИШИД жангариларига зарба берди. Нигерия ТИВ маълумотига кўра, бу зарбалар мамлакат ҳукумати сўрови асосида амалга оширилган ва тайёрланаётган терактларни тўхтатишга ёрдам берган.
АҚШнинг Венесуэлага ҳужуми
Эслатиб ўтамиз, 3 январь куни Венесуэла пойтахти Каракас шаҳрида камида еттита портлаш содир бўлди. Портлаш товушлари шаҳарнинг турли ҳудудларида, шунингдек Симон Боливар номидаги Майкетия аэропорти ва Ла-Гуайра порти атрофида ҳам эшитилган.
Кейинроқ Колумбия Президенти Густаво Петро АҚШни Венесуэлани бомбардимон қилишда айблаб, БМТнинг фавқулодда йиғилишини йиғишга чақирди. Шундан сўнг CBS телеканали АҚШ Президенти Дональд Трамп Венесуэла ҳудудидаги қатор объектларга, жумладан ҳарбий нишонларга зарба бериш буйруғини берганини маълум қилди.
Венесуэла Президенти Николас Мадуро мамлакатда кенг қамровли мудофаа тизимини зудлик билан ишга тушириш ва миллий кучларни сафарбар этиш бўйича буйруқ берди. Мамлакатда фавқулодда ҳолат режими эълон қилинди.
Кейинчалик Дональд Трамп Венесуэлага қилинган ҳужум бўйича баёнот бериб, Мадуро рафиқаси билан бирга қўлга олингани ва мамлакатдан олиб чиқиб кетилганини маълум қилди.
Live
Барчаси