Нидерландия Ғазога ҳаводан 1 тонналик гуманитар ёрдам жўнатмоқчи
Олам
−
06 Август 2025 2635 2 дақиқа
Нидерландиянинг Қироллик ҳарбий-ҳаво кучларига тегишли ҳарбий транспорт самолёти икки ҳафта давомида ҳар куни Ғазо сектори узра 16 та гуманитар ёрдам блоки ташлайди. Бу ҳақда “De Telegraaf” хабар берди.
Нидерландиянинг Қироллик ҳарбий-ҳаво кучларига қарашли самолёт Ғазо секторига озиқ-овқат ташлаш бўйича гуманитар операцияда иштирок этиш учун Эйндховен ҳарбий авиабазасидан Иорданияга йўл олган. Нашрга кўра, самолёт икки ҳафта давомида ҳар куни анклав узра тахминан бир тонна гуманитар ёрдам ташлайди.
Ташланадиган озиқ-овқат тўпламлари Иорданиянинг бир хайрия ташкилоти томонидан тайёрланган бўлиб, уларга ун, гуруч, болалар овқати ҳамда бир қатор зарур биринчи тиббий ёрдам воситалари киради.
Нашр маълумотларига кўра, гуманитар ёрдамни ҳаводан етказиб бериш бўйича операцияларда Нидерландиядан ташқари Бирлашган Араб Амирликлари, Миср, Испания, Франция ва Германия ҳам иштирок этмоқда.
Қайд этиш жоиз, 2 март кунидан бошлаб Ғазо секторига халқаро гуманитар ёрдам етиб бормаяпти. Исроилнинг қарори билан барча назорат-ўтказиш пунктлари ёпиқ қолмоқда, озиқ-овқат тарқатиш эса Исроил ва АҚШ томонидан бошқариладиган “Ғазо учун гуманитар ёрдам жамғармаси” орқали амалга оширилмоқда.
Маълумот учун, 6 август ҳолатига кўра, Ғазо секторида ҳалок бўлганлар сони 60 минг 840 нафаргача етган. Бу рақамлар Фаластин Соғлиқни сақлаш вазирлигининг янгиланган маълумотларига асосланади. Жароҳатланганлар сони эса 145 минг 800 дан ортиқ бўлиб, айрим манбаларга кўра 149 минг 600 нафаргача боради.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ғазо секторида озиқ-овқат юкларини олиб кетаётган гуманитар юк машинасининг ағдарилиб кетиши оқибатида 20 фаластинлик ҳалок бўлганди.
Live
Барчаси