Навоийни қоплаган тутун қаердан чиқаётгани айтилди (видео)
Жамият
−
21 Июль 2025 8906 2 дақиқа
19 июль куни тонгги вақтда Навоий вилоятининг Навоий шаҳри ҳудудини чангсимон тутун қоплаганди. Бугун, 21 июль куни тонгги вақтда Навоий шаҳри ва унинг атрофидаги ҳудудларда яна чангсимон тутун кузатилди. Бу ҳақда “Навоийазот” АЖ маълум қилди.
Билдирилишича, кўплаб муҳокамалар ва норозиликларга сабаб бўлаётган ҳолатни ўрганиш мақсадида корхона мутахассислари Ўзбекистон экологик партияси вилоят Кенгаши мутасаддилари билан вазиятнинг асл сабабини ўрганишга киришган. Ушбу ҳолатнинг “Навоийазот”АЖ фаолияти билан боғлиқ эмаслигини исботлаш мақсадида корхонанинг аммиакли селитра ишлаб чиқариш цехи ҳудудига зудлик билан қўшимча кузатув камераси ўрнатилган.
“Ёзиб олинган тасвирлардан чангсимон тутун собиқ Навоий электрокимё заводи ўрнида қурилган корхоналардан чиқаётганини яққол кўриш мумкин.
Бугунги кунда корхона томонидан экологик хавфсизлик масаласига биринчи галдаги устувор вазифа сифатида қаралади ва атмосферага чиқариладиган ташламалар миқдорини кескин камайтиришга йўналтирилган аниқ, муддатли чора-тадбирлар белгиланиб, улар асосида босқичма-босқич иш олиб борилмоқда.
Шундан келиб чиқиб “Навоийазот”АЖнинг атмосферани ифлослантираётган чангсимон тутунга ҳеч қандай алоқаси йўқлигини яна бир бор маълум қиламиз”, дейилади акциядорлик жамиятининг расмий хабарида.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 21 июль куни Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида жойлашган омборхонадан перекись водород моддаси очиқ ҳавога сизиб чиққанди. Тошкент шаҳар ФВБ Радиацион, кимёвий ва тиббий-биологик ҳимоя бўлимлари томонидан ушбу ҳолат соат 04:00 да тўлиқ бартараф этилган. Ҳозирда ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.