Эрдўған Шимолий Кипрни халқаро миқёсда тан олишга чақирди
Олам
−
21 Июль 2025 3053 2 дақиқа
Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған халқаро ҳамжамиятни Ўртаер денгизидаги оролнинг бўлиниши, хусусан, Кипрда “икки давлатли ечим”ни қабул қилишга чақирди. Бу ҳақда Туркия раҳбари кеча, 20 июль куни Шимолий Кипр Турк Республикасига (ШКТР) қилган ташрифи давомида, Кипр тинчлик операциясининг 51 йиллигига бағишланган тантанали маросимда сўз очди.
Эрдўғаннинг сўзларига кўра, Анқара Кипрда “икки давлатли ечим” тамойилини тўлиқ қўллаб-қувватлайди ва халқаро ҳамжамият Кипр масаласида реал ҳолат билан ҳисоблашиши керак.
“Туркия ҳар доим кипрлик туркларга бирдамлик, тинчлик ва фаровонлик йўлида кўмак беради. Турк кипрликлар йўлини тўсиш учун қандай эшиклар ёпилмасин, биз ҳар доим янги эшиклар очишни, янги йўллардан юришни уддаладик”, деган Туркия Президенти.
Туркия Президенти Кипр туркларига қарши ўн йилликлар давомида давом этаётган адолатсизликни тугатиш зарурлигини ҳам алоҳида қайд этган.
У, шунингдек, Туркиядаги 86 миллион ака-укаларнинг юраги ҳар доим Кипр билан бирга уриши, 51 йиллик операцияда ҳалок бўлган шаҳидлар хотирасини ёдга олган.
Эрдўған, ҳозирда ШКТР халқаро майдонда, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотида вакилликка эга бўлганини айтиб, бунинг ортида қаттиқ меҳнат ётгани ҳамда бу ҳаракатлар яна давом эттирилишини таъкидлаган.
Маълумот учун, Кипр можароси 1974 йилда Грецияда юз берган ҳарбий тўнтариш ортидан Туркиянинг оролга ҳарбий аралашуви оқибатида бошланди. Шундан бери Кипр ороли шимолий (турклар яшайдиган) ва жанубий (юнонлар яшайдиган) қисмларга бўлинган. 1983 йилда Шимолий Кипр Турк Республикаси (ШКТР) мустақиллигини эълон қилди, бироқ у фақат Туркия томонидан тан олинган.
Туркия Кипр масаласида “икки давлатли ечим”ни доимо қўллаб-қувватлайди, яъни Шимолий ва Жанубий Кипр алоҳида, тенг ҳуқуқли давлатлар сифатида тан олиниши керак, деб ҳисоблайди. БМТ ва Европа Иттифоқи эса, аксинча, Кипрда ягона федерал тузум асосида бирлашган давлат барпо этиш тарафдори.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шимолий Кипр Турк Республикаси (ШКТР) президенти Эрсин Татар Нью-Йоркдаги Кипр бўйича кенгайтирилган 5+1 норасмий учрашувида Кипр Республикаси билан чегара ҳудудда қуёш энергияси зонасини ташкил этиш ва янги чегара пунктлари очиш масалаласида ҳеч қандай келишувга эришолмай қайтгани ҳақида хабар берилганди. Татар сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеяси доирасида яна бир учрашув бўлиши кутилаётгани, йил охиригача эса 5+1 форматида навбатдаги йиғилиш режалаштирилаётганини маълум қилган.
Live
Барчаси