Қозоғистонда келин ўғирлаганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланди
Олам
−
16 Июль 2025 4148 2 дақиқа
Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев “Қозоғистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига Қозоғистон Республикаси жиноят қонунчилигини оптималлаштириш масалалари бўйича ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунни имзолади. Бу ҳақда “Tengrinews” хабар берди.
Қонун билан Жиноят, Жиноят-процессуал, Жиноят-ижроия кодекси, “Никоҳ ва оила тўғрисида”ги кодексларга, “Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида”, “Тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисида”ги ва бошқа қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Ўзгартиришларнинг биринчи блоки жиноят қонунчилигининг барқарорлигини таъминлашни назарда тутади.
Ўзгартиришларнинг иккинчи блоки жиноят қонунчилигини такомиллаштириш ва айрим ижтимоий хавфли қилмишлар учун жавобгарликни оширишдан иборат.
Хусусан, Қозоғистон Жиноят кодексида таъқиб қилиш учун жавобгарлик – шахсни ноқонуний таъқиб қилиш, унинг иродасига қарши алоқа ўрнатиш ва (ёки) шахсни кузатиб боришга қаратилган ҳаракатларда ифодаланган, зўравонлик билан боғлиқ бўлмаган, оқибатда катта зарар келтирганлик учун жавобгарлик жорий этилди.
Бундан ташқари, амалдаги қонунчиликда келин ўғирлаш учун жарималар киритилди. Ўзгартиришларнинг учинчи блоки жиноят процессида фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кучайтириш, жиноят ишини юритишнинг мунозаралилигини ошириш ва уларни оптималлаштиришдан иборат. Ўзгартиришларнинг тўртинчи блоки жиноят-ижроия қонунчилигини такомиллаштиришдан иборат.
Тўқаев имзо чеккан қонунга кўра, Қозоғистонда келин ўғирлаган шахс 10 йилгача қамоқ жазосига маҳкум этилиши мумкин. Жумладан, Жиноят кодексига “Никоҳга мажбурлаш” деган янги модда киритилди. Никоҳга мажбурлаш учун жазо қуйидагилардан иборат:
- ахлоқ тузатиш ишлари ёки 2 йилгача озодликни чеклаш ёки шу муддатга озодликдан маҳрум қилиш;
- агар қилмиш вояга етмаганга нисбатан зўравонлик қўллаш билан содир этилган бўлса, 3 йилдан 7 йилгача озодликни чеклаш ёки худди шу муддатга озодликдан маҳрум қилиш;
- агар қилмиш жабрланувчининг ўлимига сабаб бўлса, 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш.
Live
Барчаси