Пенсионерлар даромад солиғидан озод қилинди. Қозоғистонда!

Олам

image

Қозоғистонда пенсионерлар учун солиқ имтиёзи жорий этилди. 2026 йил 1 январдан бошлаб Ягона жамғарма пенсия жамғармасидан нафақа тўловлари оладиган жисмоний шахслар даромад солиғидан тўлиқ озод қилинди. Бу ҳақда “Sputnik Қозоғистон” хабар берди.

Маълум қилинишича, янги тартибга кўра қозоғистонлик пенсионерлар нафақат даромад солиғидан озод қилинади, балки уларга енгиллик бўлиши учун уй-жой сотиб олиш ва даволаниш учун ажратиладиган бир марталик ёрдам пуллари ҳам татбиқ этилади. 

Бунгача мамлакатда барча пенсия тўловлари ва ягона тўлов режаси доирасидаги маблағлар 10 фоиз миқдорида шахсий даромад солиғига тортилган. Фуқаролардан солиқ тўловлари амалга оширилган пайтда даромад солиғи ушлаб қолинган. Ягона тўлов режаси доирасида эса солиқни дарҳол тўлаш ёки уни нафақага чиққунга қадар кечиктириш имконияти мавжуд бўлган.

2026 йилдан бошлаб пенсия тўловларидан ҳам, уй-жой ёки даволаниш учун ажратиладиган бир марталик нафақа маблағларидан ҳам шахсий даромад солиғи умуман ушлаб қолинмайди.

Шунингдек, илгари ягона тўлов режаси бўйича кечиктирилган солиқ қарзлари бекор қилинади. Бироқ Ягона жамғарма пенсия жамғармаси аллақачон тўланган солиқ суммалари қайтарилмаслигини маълум қилган.

Ижтимоий ҳимояга муҳтож айрим тоифадаги фуқаролар учун истисно тартиб жорий этилган. Хусусан, агар улар илгари бир марталик пенсия тўлови доирасида шахсий даромад солиғини тўлаган бўлса, ушбу суммани қайтариб олиш ҳуқуқига эга бўлади. Бироқ ушбу имтиёз Қозоғистон резиденти бўлмаган шахсларга нисбатан қўлланилмайди – улар учун солиқ ушлаб қолинаверади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистон дунёнинг энг йирик 50 та иқтисодиёти қаторига киргани ҳақида хабар берилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

солиқ Қозоғистон пенсия имтиёз

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг