Саида Мирзиёевага 5 нафар ўринбосар тайинланади
Жамият
−
14 Июль 11840 2 дақиқа
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбарига 5 нафар ўринбосар лавозими жорий этилди. Бу Президент Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган “Давлат бошқаруви тизимида самарадорлик, проактивлик ва натижадорликни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонда белгиланди.
Ушбу Фармонга мувофиқ, Президент Администрациясининг янги тузилмаси тасдиқланди. Натижада Администрация ва унинг таркибидаги ташкилотларда 284 та штат қисқартирилди, такрорланувчи лавозимлар оптималлаштирилди.
Фармонга асосан, эндиликда Президент Администрацияси фаолиятида 5 та устувор йўналиш белгиланди. Булар – таълим, бизнес, суд-ҳуқуқ тизими, тиббиёт ва сув ресурслари масалаларидир. Ушбу йўналишларда ислоҳотларни самарали амалга ошириш мақсадида Президент Администрацияси раҳбарига 5 нафар ўринбосар лавозими жорий этилди.
Бундан ташқари, Президентнинг стратегик ривожланиш, ташқи сиёсат бўйича янги маслаҳатчи лавозимлари киритилиб, молиявий технологиялар, рақамлаштириш ва сунъий интеллект, креатив иқтисодиёт ва туризмни ривожлантириш, жамоат хавфсизлиги ва қонун устуворлиги, тадбирларни ташкиллаштириш, йиғилиш ва ҳудудларга ташрифлар учун таҳлилий контент тайёрлаш бўйича, шунингдек, коммуникация департаментлари ташкил этилди.
Эслатиб ўтамиз, ўтган ойда Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони билан Президент Администрацияси тузилмасига ўзгартиришлар киритилиб, Президент Администрацияси раҳбари лавозими ташкил қилинганди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони билан Саида Шавкатовна Мирзиёева Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари лавозимига тайинланди.
Live
Барчаси