Йил охиригача Ҳиндистондан 1 млн мигрант Россияга бориши мумкин
Олам
−
09 Июль 4879 2 дақиқа
Россия юқори малакали кадрлар етишмовчилигини қоплаш учун Ҳиндистондан 1 миллион меҳнат муҳожирини жалб қилишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Ураль Савдо-саноат палатаси раҳбари Андрей Беседин маълум қилди.
“Ҳиндистонлик ҳамкасбларимдан эшитганимдек, йил охиригача Ҳиндистондан Россияга, жумладан, Свердловск вилоятига ҳам 1 миллион мутахассис келади. Екатеринбургда ушбу мамлакатнинг янги Бош консуллиги очилмоқда, у ушбу масалалар билан шуғулланади”, дея тушунтирди у ЕАН агентлигига берган интервьюсида.
Унинг сўзларига кўра, Россия саноат корхоналари ишлаб чиқариш қувватларини ошириши керак, бироқ минтақада ишчи кучининг кескин танқислиги кузатилмоқда. Айрим ходимлар Украинадаги махсус операцияга жалб қилинган, ёшлар эса заводларда ишлашга иштиёқи йўқ, Бесединнинг фикрича, бу “мамлакатда аввалроқ қилинган мафкуравий хато” билан боғлиқ.
Ҳиндистондан ташқари Шри-Ланка ва Шимолий Корея билан ҳам иш олиб борилмоқда. Бироқ, палата раҳбари таъкидлаганидек, ушбу мамлакатлардан келган меҳнат муҳожирлари билан ҳамкорлик қилиш қийин бўлиши мумкин.
Янги ишчилар, биринчи навбатда, юқори малакали мутахассислар талаб қилинадиган металлургия ва машинасозлик саноатига юборилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Афғонистондаги “Толибон” муваққат ҳукумати делегацияси Петербург халқаро иқтисодий форуми доирасида Россияга афғон меҳнат мигрантлари оқимини ўн баравар ошириш бўйича келишувга эришганди. Россиянинг Афғонистондаги Ишбилармонлик маркази раҳбари Рустам Ҳабибуллиннинг сўзларига кўра, ҳозирда Россиянинг турли ҳудудларидаги қурилиш объектларида 100 га яқин Афғонистон фуқароси ишламоқда, бироқ яқин орада минглаб янги ишчиларнинг келиши кутилмоқда.
Live
Барчаси