Тожикистон Россия элчисини ТИВга чақиртирди
Олам
−
20:48 2144 2 дақиқа
Аввалроқ, Россиянинг Москва вилояти Одинцово шаҳрида 15 ёшли мактаб ўқувчиси тожик миллатига мансуб экани айтилган 4-синф ўқувчисини пичоқлаб ўлдиргани, кейин эса Тожикистон Ички ишлар вазири Рамазон Раҳимзода Россия Ички ишлар вазири Владимир Колокольцев билан телефон орқали гаплашиб, мазкур масалани муҳокама қилгани ҳақида хабар берилган эди. Мазкур ҳодиса ортидан Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги Россия элчисини чақиртирди. Бу ҳақда Тожикистоннинг Россиядаги элчихонаси хабар берди.
“Тожикистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги 2025 йил 16 декабрь куни Москва вилояти Одинцово шаҳар округи, Горки-2 посёлкасидаги Успенская ўрта мактабида миллий адоват заминида содир этилган, Тожикистон Республикаси фуқароси, ушбу мактабнинг 4-синф ўқувчиси Алиев Қобилжонга қилинган ҳужумни қатъиян қоралайди. Мазкур ҳужум оқибатида юқорида тилга олинган Тожикистон фуқароси воқеа жойида вафот этган”, дейилади баёнотда.
Билдирилишича, мазкур ҳолат муносабати билан Россия Федерациясининг Тожикистон Республикасидаги элчиси Семён Григорьев Тожикистон ТИВга чақирилиб, унга ушбу фожиали ҳодиса бўйича Россия томони томонидан зудлик билан, холис ва беғараз тергов ўтказиш ҳамда барча айбдор шахсларни қонун доирасида тўлиқ жавобгарликка тортиш талаби акс этган нота топширилган.
Шунингдек, Тожикистон Республикасининг Россия Федерациясидаги элчихонасига марҳумнинг оила аъзолари ва яқинлари билан доимий алоқада бўлиш, шунингдек ушбу масалани назоратга олиш буюрилган.
Қайд этиш жоиз, Россия Ташқи ишлар вазирлиги ҳам содир бўлган воқеа муносабати билан Тожикистонга ҳамдардлик билдирган ва воқеанинг объектив тергови учун зарур барча чораларни кўришга ваъда берган.
Эслатиб ўтамиз, ҳужумни уюштирган 15 ёшли Тимофей К. исмли бола қўлга олинган. Унинг телефонидаги галереяда селфилар ва ҳалок бўлган мактаб ўқувчисининг сурати аниқланган. Шунингдек, ўсмир экстремистик иқтибослар ва ўнг радикал ташкилотлар номлари билан безатилган ўз каскасини ҳам суратга олган. Хусусан, каскада “Sygaown” сўзи ёзилган бўлиб, бу 2022 йилда АҚШда содир этилган оммавий отишмага ишора ҳисобланади.
Live
Барчаси