Исроилнинг сўнги ҳужумларида 39 ғазолик ҳалок бўлди
Олам
−
03 Июль 1773 2 дақиқа
Кеча, 2 июль куни эрталаб Исроил армиясининг Ғазо секторининг турли ҳудудларига уюштирган ҳаво ҳужумлари оқибатида 39 фаластинлик ҳалок бўлди. Бу ҳақда “Anadolu” хабар берди.
Асосий ҳужумлар тинч аҳоли ва кўчирилган фуқаролар тўпланган жойларга қаратилган. Тиббий манбалар ва гувоҳларнинг хабарига кўра, Ғазонинг жанубидаги Хон-Юнус шаҳрида жойлашган Ал-Меваси туманида Исроил қўшинлари бир уйни нишонга олиб, икки кишининг ўлимига сабаб бўлган.
Хон-Юнусда кўчирилган фаластинликларга тегишли учта чодир бомбардимон қилиниши оқибатида 12 киши ҳалок бўлган.
Бундан ташқари, шаҳарнинг марказий қисмидаги яна бир ҳужумда уч киши ҳалок бўлган, яна икки кишининг жасади шаҳарнинг бошқа ҳудудларида вайроналар остидан топилган.
Ғазо секторининг марказий қисмида жойлашган Салоҳоддин проспектида Исроил қўшинлари ёрдам пунктларига йўл олган фаластинликларга қарата ўт очган. Бу ҳужумда 10 киши ҳалок бўлган, 50 дан ортиқ киши жароҳат олган.
Дейр ал-Балаҳ шаҳрида уюштирилган ҳужумда 5 фаластинлик ҳалок бўлган.
Рафаҳ шаҳрида эса гуманитар ёрдам олиш учун йиғилган одамлар устига бомба ташланган. Бу ҳужумда ҳам 5 киши ҳалок бўлган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Президенти Дональд Трамп Қўшма Штатлар вакиллари Исроил билан Ғазо секторида 60 кунлик ўт очишни тўхтатиш бўйича шартларни келишиб олганини маълум қилганди. Қолаверса, Трамп ҲАМАС ҳам ушбу битимни қабул қилишига умид билдирган.