АҚШ Эрон ядровий иншоотига махсус бомбалар ташламаган – CNN 

Олам

image

АҚШ ҳарбийлари Эроннинг Исфаҳон шаҳридаги ядровий иншоотга қарши бункербузар бомбаларидан фойдаланмади, чунки иншоот жуда чуқурда жойлашган. Сенат аъзоларига ёпиқ брифингда АҚШ штаблари бошлиқлари қўмитаси раиси генерал Ден Кейн бу ҳақда маълум қилди. Буни кеча, 27 июнь куни манбаларига таяниб, CNN хабар қилди.

Қайд этилишича, худди шу брифингда Марказий разведка бошқармаси директори Жон Ретклифф сенаторларга АҚШ разведка хизматларининг ҳисоб-китобларига кўра, Эроннинг бойитилган уран захираларининг катта қисми Исфахон ва Фордодаги объектларда жойлашганини айтди.

Аввалроқ CNN Вашингтондаги юқори мартабали манбаларига таяниб, атом бомбасини яратиш учун потенциал яроқли бўлган ушбу материалнинг 60 фоизигача Исфахондаги объектда сақланиши мумкинлигини ёзган эди.

АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари Эроннинг Фордо ва Натанздаги ядровий иншоотларига қотиб қолган ерости нишонларини уриб туширишга қодир ўндан ортиқ бункербузар бомбаларни ташлади. Бироқ Исфахондаги объектга зарбалар сувости кемасидан учириладиган Tomohawk қанотли ракеталари билан берилган.

АҚШ Президенти Дональд Трамп 22 июнга ўтар кечаси халққа мурожаатида Эроннинг Фордо, Натанз ва Исфахондаги ядровий иншоотлари “бутунлай ва тўлиқ” йўқ қилинганини айтди.

Бу “ажойиб ҳарбий муваффақият” бўлганини айтган Трамп Теҳрон Вашингтон билан ядровий битим тузиши кераклигини, акс ҳолда АҚШ Эрондаги бошқа нишонларга ҳужум қилиши мумкинлигини таъкидлади.

24 июнь куни CNN ва “The New York Times”манбаларига таяниб, АҚШ Мудофаа разведка бошқармаси Америка зарбалари Эрон ядровий дастурини тўлиқ йўқ қилмади, балки уни бир неча ой орқага сурди, деб ҳисоблашини маълум қилди.

Трамп бунга жавобан ушбу нашрлар журналистларини “омадсизлар” деб атади ва улар америкалик бомбардимончи учувчилардан кечирим сўрашлари кераклигини айтди.

Оқ уй матбуот котиби Кэролайн Ливитт оммавий ахборот воситаларининг шубҳаларини “Президентни камситиш” ва “жасур учувчиларни обрўсизлантиришга уриниш” деб танқид қилди.

Шу билан бирга, “Bloomberg” аввалроқ сунъий йўлдош тасвирларига кўра, объектдаги учта ядровий реактор шикастланмаганини таъкидлаган эди. Бундан ташқари, МАГАТЭ мутахассислари атрофдаги радиация даражасининг ошишини қайд этмаган.

26 июнь куни “Financial Times” нашри Европа разведкасига таяниб, Эроннинг бойитилган уран захиралари Исроил ва АҚШ зарбаларига қарамай, аввалдан хавфсиз жойга кўчирилган ҳолда сақланиб қолгани ҳақида хабар берди. АҚШ зарбалари тугагач, Теҳрон бу Эрон ядровий дастурини давом эттиришга халал бермаслигини айтди.

Исроилнинг Эронга қарши уруши

Исроил 13 июнга ўтар кечаси Эронга қарши ҳарбий операция бошлади, ядровий иншоотлар, ҳарбий базалар ва Эрон армияси ходимларига ҳужум қилди. Исроил расмийлари буни Теҳроннинг ядровий қурол яратишга хавфли ёндашуви билан изоҳлади.

Эрон бу айбловларни рад этди ва Исроилга юзлаб учувчисиз учоқлар ва баллистик ракеталарни урди.

21 июнь куни АҚШ можарога кириб, Эрон ядро иншоотларига бункербузар бомбалар ва ракеталар билан зарба берди.

Бир ярим ҳафталик зарбалардан сўнг Эрон ва Исроил ўт очишни тўхтатишга тайёрлигини эълон қилди. Келишув 24 июнь куни эрталаб расман кучга кирди, бироқ деярли дарҳол бузилди. Трамп ҳар икки томонни ҳам келишувни бузганликда айблаб, айниқса Исроилдан норози эканини очиқ кўрсатди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Эрон ядровий иншоот

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг