Исроил-Эрон уруши Россия-Хитой газ қувури ғоясини жонлантирди – WSJ
Олам
−
26 Июнь 2025 6330 3 дақиқа
Хитой Россияга ҳаддан ташқари энергетика қарамлигидан хавотирланишига қарамай, Россия табиий газини тўғридан тўғри етказиб бериш учун “Сибир кучи-2” газ қувурини қуриш бўйича музокараларни қайта бошлашга тайёр. Бу ҳақда кеча, 25 июнь куни Хитой манбаларига таяниб, “The Wall Street Journal” хабар берди.
“Сибир кучи-2” газ қувури лойиҳаси нархлар ва эгалик шартлари бўйича баҳсларда қолиб кетди. Газета бундай қурилиш масаласида Москва ва Пекин ўртасидаги муносабатларнинг фонини тақдим этади.
“Бироқ Исроил ва Эрон ўртасидаги уруш Хитой расмийларига Яқин Шарқдан нефть ва газ етказиб бериш ишончлилигини қайта кўриб чиқишга сабаб бўлди, чунки улар бу давлатлар ўртасидаги “мўрт сулҳ”га ишонмайди”, дейилади мақолада.
WSJ томонидан келтирилган Rystad Energy консалтинг компанияси маълумотларига кўра, Хитой ўзининг суюлтирилган газининг қарийб 30 фоизини Қатар ва БААдан Эрон уруш пайтида ёпиш билан таҳдид қилган Ҳормуз бўғози орқали импорт қилади.
“Ҳарбий вазиятнинг беқарорлиги ва олдиндан айтиб бўлмайдиганлиги Хитой раҳбариятига қуруқликдаги қувурлар орқали барқарор етказиб бериш геосиёсий афзалликларга эга эканини кўрсатди. Россия бундан фойда олиши мумкин”, дейди Хитой-Россия муносабатлари бўйича эксперт Александр Габуев.
WSJ манбалари, шунингдек, Пекин АҚШ Президенти Дональд Трамп маъмурияти Россия ва Хитой орасидан “ола мушук ўтказиш”га уринаётгани фонида Москва билан муносабатларни мустаҳкамлашдан манфаатдор эканини ва музлатилган қувур қурилишининг қайта тикланиши бу алоқаларни мустаҳкамлашга ёрдам бериши мумкинлигини даъво қилмоқда.
“Bloomberg” агентлигининг 7 май куни хабар беришича, Россия Президенти Владимир Путин ва Хитой раиси Си Цзиньпин Ғалаба кунини нишонлаш учун Си Цзиньпиннинг Москвага ташрифи чоғида “Сибир кучи 2” газ қувури қурилишини яна бир бор муҳокама қилишга келишиб олган.
“Путиннинг Хитойни Россиядан ҳар йили қўшимча 50 миллиард куб метр газ сотиб олишга ишонтиришга бўлган кўп йиллик уринишлари самарасиз бўлди, аммо ҳозир Пекин уни ярим йўлда кутиб олишга тайёр”, деб ёзган эди “Bloomberg”.
Шу пайтгача Хитой ҳукумати газни ҳали қурилмаган “Сибир 2” электр станциясида Россиянинг ички нархида сотишни талаб қилган, аммо агентлик манбаларига кўра, Пекин энди Россиянинг ички нархи ва “Сибир кучи-1” орқали етказиб бериладиган газ учун тўлайдиган нарх ўртасидаги котировкаларни муҳокама қилишга тайёр. Ушбу газ қувури 2019 йилда фойдаланишга топширилган ва 2024 йил декабрига қадар лойиҳа қуввати йилига 38 миллиард куб метрга етди.
Россия ҳисоб-китобларига кўра, “Сибир кучи-2” Россия Федерациясининг Украинага қарши тажовузкор уруши бошланишидан олдин Европа давлатларини етказиб берган Ямал конидан 50 миллиард куб метр газни етказиб бера олади. Режаларга кўра, янги газ қувури Мўғулистон орқали Хитойга ўтиши керак.
Бироқ, “Bloomberg” манбаларига кўра, Пекин “Сибир кучи-1” мисолида бўлгани каби Россиядан Хитойга тўғридан тўғри йўналишни талаб қилмоқда.