Қирғизистонда давлат тилини билмаган амалдорлар жаримага тортилади

Олам

image

Қирғизистонда давлат хизматчилари ва қатор мутахассислар учун қирғиз тилини билиш мажбурий бўлади. Бу ҳақда Қирғизистон давлат тили ҳақидаги қонунларга ўзгартириш киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасида сўз боради.

Унга мувофиқ, Жогорку Кенеши депутатлари, Вазирлар маҳкамасининг раиси ва аъзолари, Конституциявий, Олий ва маҳаллий судларнинг судьялари, прокурорлар, терговчилар, Миллий банк ходимлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва миллий хавфсизлик идоралари ходимлари қирғиз тилини билишлари шарт бўлади.

Қолаверса, адвокатлар ва нотариуслар ҳам тегишли даражада қирғиз тилини билмасалар, лицензия ололмайди.

Шунингдек, телевидение ва радиода давлат тилида бериладиган эфир ҳажмининг камида 60 фоизи қирғиз тилида бўлиши шарт.

Шу билан биргаликда, ташқи миграция тўғрисидаги қонунга ҳам ўзгартириш киритилган. Унга кўра, давлат тилини етарли даражада билмаган фуқароларга муқим яшаш учун рухсатнома берилмайди. Қирғиз тилини билмаган чет эл фуқароси иммигрант мақомини ҳам ололмайди.

Давлат тилида тайёрланган реклама матнлари маҳаллий ижро органлари томонидан орфография ва қонун талабларига мувофиқлиги бўйича тасдиқланиши лозим.

Қонун талабларини бузган жисмоний шахсларга 5 минг сом (714 минг 750 сўм), юридик шахсларга эса 17 минг сом (2 млн 430 минг 150 сўм) жарима белгиланган. Бу чоралар фақат умумий тил талабларига тегишли бўлиб, махсус меъёрий ҳужжатлар асосида белгиланган талабларга тааллуқли эмас.

Билдирилишича, назорат ва жарималарни Қирғиз тили ва тил сиёсати бўйича Миллий комиссия амалга оширади.
Ушбу қонун лойиҳаси иккинчи ва учинчи ўқишда маъқулланган. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистон Жогорку Кенешида бўлиб ўтган йиғилишида депутатлар миллий анъаналар ва тарихий меросни акс эттирувчи фамилияларнинг янги имло вариантларини жорий этишни учинчи ўқишда маъқуллаганди. Қонун лойиҳаси муаллифларидан бири, депутат Мирлан Самемкўжонинг тушунтиришича, ҳужжат фуқароларнинг охири русча бўлмаган фамилияларни танлаш имкониятига эга бўлиши учун ишлаб чиқилган. Айтиш жоизки, фамилия ва ота исмининг амалдаги имлоси сақланиб қолади. -ов, -ев, -вич, -вна қўшимчалари қолади, улар фақат фуқароларнинг илтимосига биноан ўзгартирилиши мумкин.


Мақола муаллифи

Теглар

Қирғизистон давлат тили

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг