“Хайр -ов, -ева”. Қирғизистонликлар энди русча фамилиялардан воз кечиши мумкин
Олам
−
06 Февраль 2025 10885 2 дақиқа
Қирғизистон Жогорку Кенешида бўлиб ўтган йиғилишида депутатлар миллий анъаналар ва тарихий меросни акс эттирувчи фамилияларнинг янги имло вариантларини жорий этишни учинчи ўқишда маъқуллади. Бу ҳақда “24.kg” хабар берди.
Қонун лойиҳаси муаллифларидан бири, депутат Мирлан Самемкўжонинг тушунтиришича, ҳужжат фуқароларнинг охири русча бўлмаган фамилияларни танлаш имкониятига эга бўлиши учун ишлаб чиқилган. Айтиш жоизки, фамилия ва ота исмининг амалдаги имлоси сақланиб қолади. -ов, -ев, -вич, -вна қўшимчалари қолади, улар фақат фуқароларнинг илтимосига биноан ўзгартирилиши мумкин.
Қирғизистон Республикасининг Оила кодексига, “Фуқаролик ҳолати далолатномалари тўғрисида”ги қонунига ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасида 1-моддани қуйидаги мазмундаги тўлдириш таклиф этилади:
-
отасининг исми бўйича ўғил болалар учун “уулу” ва қиз болалар учун “қизи” қўшимчаси билан ёки бундай қўшимчасиз ёхуд ўғил болалар учун “дйн/тйн”, “дин/тин”, “дун/тун” ва асл ҳолидаги “дан/тан”, “ден/тен”, “дон/тён” қўшимчалари қўшилади. Бундай ҳолларда болага отасининг исми берилмайди.
Маълумот учун, Қирғизистон 1990 йилларнинг бошларида мустақилликка эришгач, фуқаролар ўз фарзандларига қирғизларнинг анъанавий исм ва фамилияларини сўзма-сўз “ўғил” ёки “қизи” деган маънони англатувчи “уулу” ва “қизи” сўзлари ёрдамида беришни бошлаган. Аммо 2000 йилларда мамлакат фамилияларни совет услубида қайта ёзишни бошлади. Қирғизистон ҳукумати буни ташқи миграциянинг ўсиши билан изоҳлади.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг декабрь ойи охирида Қирғизистонда мижозларга давлат тилида хизмат кўрсатмайдиган муассасалар жавобгарликка тортилиши мумкинлиги ҳақида хабар берилганди. Давлат тили бўйича миллий комиссия Ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодексга ўзгартишлар киритиш ташаббуси билан чиққан. Унда қирғиз тилида хизмат кўрсатишни рад этган муассасаларни жавобгарликка тортиш таклиф этилмоқда. Бунга фуқаролардан келиб тушган кўплаб шикоятлар сабаб бўлган. Шикоятларда кафе, ресторан ва бошқа муассасаларда ходимлар мижозларга фақат рус тилида хизмат кўрсатаётгани таъкидланган.
Live
Барчаси