Путин Украина можаросини тинч йўл билан ҳал қилиш шартларини айтди
Олам
−
21 Июнь 10246 1 дақиқа
Россия Президенти Владимир Путин Украина билан можарони тинч йўл билан ҳал қилиш учун зарур деб билган асосий шартларини санаб ўтди. Бу ҳақда Россия раҳбари “Sky News Arabia” телеканалига берган интервьюсида сўз очди.
Путиннинг сўзларига кўра, Украина Россия назоратига ўтган тўртта ҳудуддаги референдум натижаларини тан олиши лозим. У шунингдек, Украина ҳудудидаги рус тилида сўзлашувчи аҳоли ҳуқуқларини ҳимоя қилиш зарурлигини таъкидлаган.
Россия етакчисининг фикрича, Киев ўз халқининг манфаатлари йўлида ҳаракат қилиши керак.
Путиннинг тинчлик учун белгилаган яна бир шарти – Украинанинг нейтрал мақомини тан олиши ва ядро қуролидан воз кечишидир. У шунингдек, Украина раҳбарияти таркибида “нацистлар унсурларининг” бўлиши мумкин эмаслигини ҳам айтиб ўтган.
Россия Президентининг сўзларига кўра, Украина халқи Россия билан дўстона муносабатларни сақлаб қолишдан манфаатдор.
Эслатиб ўтамиз, Владимир Путин кеча, 20 июнь куни Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форумида (ПМЭФ) Россиянинг Суми шаҳрини босиб олишга уринишини истисно этмаганди.
Қолаверса, давлат раҳбари рус ва украин халқларини бир халқ деб билиши, шу маънода бутун Украина Россияники экани ҳақида ҳам гапирганди.
Live
Барчаси