КХДР Россияга дрон йиғиш учун 25 минг киши юбормоқчи – ОАВ

Олам

image

Шимолий Корея Россияга 25 минг нафаргача фуқаросини дронлар ишлаб чиқариш ва бошқаришни ўрганиш учун юборишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Россия ва Ғарбдаги дипломатик манбаларга таяниб, Япониянинг NHK телеканали хабар берди.

Манбаларга кўра, шимолий кореялик ишчилар Татаристоннинг Элабуга шаҳрида жойлашган “Герань” учувчисиз учиш аппаратлари ишлаб чиқариш корхонасида ўқитилади. КХДР Россияни дрон ишлаб чиқаришда қўллаб-қувватлашни истамоқда.

Бунгача Украина Бош разведка бошқармаси раҳбари Кирилл Буданов Россия Шимолий Кореяга узоқ масофали зарбли дронлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйишда ёрдам бера бошлаганини маълум қилган. Унга кўра, КХДР ҳудудида “Гарпия” ва “Герань” туридаги дронлар ишлаб чиқарилиши бўйича келишувга эришилган. Буданов айрим дронлар Россияга қайта экспорт қилиниши мумкинлигини айтган. Улар Украина урушида ишлатилади.

Ҳозирда Россия ойига тахминан 2000 дона дрон ишлаб чиқармоқда, бироқ бу рақамни 5000 тагача оширишни режалаштирган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Хавфсизлик кенгаши котиби Сергей Шойгу КХДРга ташриф буюриб, Пхенян Курск вилоятига минг нафар муҳандис-сапёр ва 5000 кишилик қурувчилар баталёни юборишини маълум қилган. Бу Шойгунинг бир ой ичида Шимолий Кореяга қилган иккинчи ташрифи бўлган.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия КХДР

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг