Россия “хорижий агентлар” ҳақидаги қонунчиликни кучайтирди

Олам

image

Россия Федерацияси Давлат Думаси “хорижий агентлар”ни жиноий жавобгарликка тортишни кучайтирувчи ва Россия расмийларининг фикрича, улар хорижда содир этган маъмурий ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликка тортиш имконини берувчи қонун лойиҳасини маъқуллади. Бу ҳақда бугун, 17 июнь куни ҳужжат иккинчи ва учинчи, якуний ўқишларда қабул қилинди.

“Ушбу қонун лойиҳаси билан биз мансабдор шахсларнинг хорижий агентларга қўйган талабларини бажармаганлик учун маъмурий жавобгарликни белгилаймиз. Бу жуда муҳим, чунки улар мансабдор шахсларнинг талабларини эътиборсиз қолдиради”, деган Давлат Думаси раиси Вячеслав Володин йиғилишда.

Ўз навбатида, қонун ташаббускори, Давлат Думасининг Россия ишларига хорижий аралашув фактларини текшириш бўйича комиссияси раиси Василий Пискарев “Интерфакс” агентлигига “хорижий агентлар”нинг қарийб 40 фоизи Россияни тарк этганини тушунтирди, шунинг учун энди Россия ҳукумати уларни мамлакат ташқарисида жавобгарликка тортиш ниятида.

Июнь ойи бошида Россия ҳукумати Жиноят кодексининг 330.1-моддаси 1 ва 2-қисмларига ўзгартириш киритишни таклиф қилувчи янги ташаббусни маъқуллади. Амалдаги таҳрирда бу моддалар “хорижий агент” фаолиятини амалга ошириш тартибини бузганлик учун 19.34-моддаси асосан ўтган йил давомида икки марта маъмурий жаримага тортилган бўлсагина, “чет эл агентлари”ни жиноий жавобгарликка тортишни назарда тутади. Россияда бундай қонунбузарликлар рўйхати жуда кенг – масалан, “хорижий агентлар” ижтимоий тармоқларда ўз мақомлари ёзилган “пластинка” йўқлиги ёки ўз фаолияти тўғрисидаги ҳужжатларни расмий органларга топширмагани учун жаримага тортилиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сербияда ҳам “хорижий агентлар” тўғрисидаги қонун  ҳукуматпараст Социалистик ҳаракат депутатлари томонидан тақдим этилган эди. Ҳужжатдан келиб чиқадики, “хорижий манбалардан молиялаштириладиган сиёсат билан шуғулланаётган барча ташкилотлар ва шахслар рўйхатга олинади ва улар ҳар бир нашрда хорижий агент сифатидаги мақомини кўрсатиши шарт”. Қонунни бузганлик учун айрим фаолият турлари тақиқланади, жиноий жазо ёки 5 минг динордан (конвертация қилинган: 576 минг сўм) 2 миллион диноргача (230 млн сўм) жарима солинади.

Шунингдек, 2024 йил апрелда Қирғизистон Президенти Садир Жапаров ҳам “Айрим қонун ҳужжатларига (“Нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги қонун ва Жиноят кодексига (хорижий агентлар тўғрисидаги қонун лойиҳаси)” ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонунни имзолаган эди. Қонун лойиҳасида Қирғизистонда ташкил этилган ва хорижий давлатлар, уларнинг давлат органлари, халқаро ва хорижий ташкилотлар ва бошқалардан пул ва бошқа мол-мулк оладиган нотижорат ташкилотига ҳуқуқий мақом киритиш таклиф этилади.

Қонун лойиҳасига кўра, нотижорат ташкилотлар даромадлари, мол-мулки, харажатларининг ҳажми ва таркиби, ходимларнинг сони ва таркиби, уларга ҳақ тўлаш, фуқароларнинг текин меҳнатидан фойдаланиш тўғрисидаги маълумотларни сир сақлай олмайди.

Шунингдек, Қозоғистонда Мажлиснинг (парламент) “Халқ партияси” фракцияси депутатлари “хорижий агентлар тўғрисида”ги қонунни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш зарур деб ҳисобламоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Вячеслав Володин Давлат Думаси хорижий агентлар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг