ШҲТ ҳам Исроилни қоралади
Олам
−
14 Июнь 8537 2 дақиқа
Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига (ШҲТ) аъзо давлатлар Яқин Шарқдаги кескинликнинг кучайишидан жиддий хавотир билдиради ва кеча, 13 июнь куни Исроил томонидан Эрон ҳудудига уюштирилган ҳарбий зарбаларни қатъий қоралайди. Бу ҳақда ташкилотнинг Telegram саҳифасида баёнот берилди.
Қайд этилишича, Исроил томонидан йўлланган зарбалар фуқаролик объектларига, жумладан, ядровий-энергетик инфратузилмага зарар етказган ҳамда тинч аҳолининг ҳалок бўлишига олиб келган.
“Бу эса халқаро ҳуқуқ меъёрлари ва тамойиллари ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) Низомини қўпол равишда бузиш, Эрон суверенитетига тажовуз қилиш демакдир. Ушбу ҳужумлар минтақавий ва халқаро хавфсизликка жиддий зарар етказади ҳамда глобал тинчлик ва барқарорлик учун хавф туғдиради”, дейилади баёнотда.
Шунингдек, унда аъзо давлатлар Эрон ядровий дастури атрофидаги вазиятни фақат тинч, сиёсий ва дипломатик йўл билан тартибга солиш тарафдори экани билдирилган.
Қолаверса, ШҲТ аъзолари Эрон халқи ва ҳукуматига самимий ҳамдардлик билдирган.
“ШҲТга аъзо давлатлар ташкилот аъзоларининг манфаатларига қарши қаратилган ҳар қандай ноқонуний ҳаракатларни мутлақо қабул қилмасликларини билдиради ва халқаро тинчлик ҳамда хавфсизликни мустаҳкамлашга содиқлигини яна бир бор тасдиқлайди”, дейилади баёнотда.
Маълумот учун, ШҲТ аъзолари қаторига Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Россия, Тожикистон, Ўзбекистон, Покистон, Ҳиндистон, Эрон ва Беларусь киради.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 13 июнь куни Исроил томони Эрон ҳудудига зарбалар йўллади. Ушбу зарбалар оқибатида мамлакатда кўплаб вайронагарчиликлар тўпланиб қолди. Расмий маълумотларга кўра, Исроил томонининг зарбалари оқибатида 60 киши ҳалок бўлганб улар орасида 20 нафар болалар ҳам бор. Қолаверса, ҳужумларда юқори мартабали ҳарбий амалдорлар, жумладан Эрон Қуролли кучлари Бош штаби бошлиғи Муҳаммад Бағирий, Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси қўмондони Ҳусайн Саламий, Эрон Қуролли кучлари марказий штаб-квартираси (Хатам ал-Анбия) қўмондони Ғоломали Раҳим, Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси Ҳарбий ҳаво қўмондони Али Ҳожизода ва тўққизта ядро олимлари ҳалок бўлган.
Live
Барчаси