Исроил Эронга ҳужумни кенгайтирмоқчи

Олам

image

Исроил ҳукумати Эрон ядровий дастурига қарши ҳарбий операцияни кенгайтириш ҳақида қарор қабул қилган. Бу ҳақда Исроил Бош вазири девони маслаҳатчиси Дмитрий Гендельман ўзининг Telegram -каналида маълум қилди. 

Унинг сўзларига кўра, Исроил армияси (ЦАХАЛ) Эрон ҳудудида ядровий дастурга қарши кенг қамровли операцияни давом эттирмоқда. Бу Теҳрондаги ҳукуматнинг ҳаракатларига жавоб сифатида амалга оширилмоқда.

“Зарба аниқ разведка маълумотларига асосланиб, баллистик ракеталарни учириш мосламалари, ҳарбий базалар ва стратегик инфратузилма каби ўнлаб муҳим объектларга йўналтирилган. Исроил давлати бизни очиқчасига йўқ қилишга чақираётган режимнинг оммавий қирғин қуроли яратишга яқинлашишига йўл қўймайди”, деб ёзган у.

Гендельманнинг айтишича, Эрон Исроилни йўқ қилишга қаратилган кенг кўламли фаолият олиб бормоқда.

“Биз қатъий ҳаракат қилмоқдамиз – хавфсизлигимиз ва яшаш ҳуқуқимиз йўлида”, дейди у.

Исроилнинг Эронга ҳужуми 

Кеча, 13 июнь куни Исроил Эронга қарши зарба беришни бошлади ва бу операцияни “Шерлар олами” деб номлади. Зарба объектлари сифатида Теҳрон, Натанз, шунингдек, Кирмоншоҳ ва Харамобод ҳудудлари танланган. Ҳужумларда ҳарбий базалар, Эрон ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ва Эрон Исломий инқилобий гвардияси вакиллари жойлашган тураржой мажмуалари нишонга олинган.

Исроил зарбалари оқибатида бир неча юқори лавозимли ҳарбий хизматчилар ва ядровий физиклар йўқ қилинган. Қолаверса, тинч аҳоли орасидан ҳам 60 киши вафот этгани тахмин қилинмоқда. 

Эроннинг Исроилга жавоби 

Исроил томонидан Эронга қарши амалга оширилган кенг кўламли ҳужумлардан сўнг, Эрон Исроилга қарши ўз жавоб зарбаларини йўллади. Эрон ҳарбий кучлари томонидан Исроил ҳудудига қарата 200 дан ортиқ дрон ва баллистик ракеталар учирилган. Исроил Мудофаа кучлари ушбу зарбаларни тасдиқлаган ва ҳаво мудофаа тизимлари зудлик билан ишга туширилган. ЦАХАЛ расмий баёнотида айтилишича, Исроил ҳаво мудофааси катта миқдордаги ҳужумчи дрон ва ракеталарни тутиб қолишга муваффақ бўлган. Дастлабки маълумотларга кўра, ҳужум оқибатида 5 киши ҳалок бўлган ва 10 дан ортиқ киши жароҳат олган. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Исроил томонидан Эронга уюштирилган ҳужум оқибатида “Ал-Қудс” махсус бўлинмасининг қўмондони, Ислом инқилоби соқчилари корпуси генерали Исмоил Қааний ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Эрон-Исроил ядровий дастур Дмитрий Гендельман

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг