Ўзбекистон Словакия билан ҳам стратегик шерик бўлди

Жамият

image

Ўзбекистон ва Словакия ўртасидаги муносабатлар стратегик шериклик даражасига кўтарилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Президентининг матбуот котиби Шерзод Асадов бугун, 9 июнь куни оммавий ахборот воситалари вакиллари учун ўтказган брифингда маълум қилди.

Маълумки, Словакия Республикаси Бош вазири Роберт Фицо кеча, 8 июнь куни кечқурун Ўзбекистонга келганди. Тошкент халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонни Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов ва бошқа расмийлар кутиб олди. 

Бугун, 9 июнь куни у “Янги Ўзбекистон” боғидаги Мустақиллик монументи пойига гул қўйди. Юқори мартабали меҳмон бошчилигидаги Словакия делегацияси вакилларига мажмуанинг меъморий ечимлари ҳамда композициясининг мазмун-моҳияти ва хусусиятлари ҳақида атрофлича маълумот берилди. Фицога Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Жамшид Хўжаев ҳамроҳлик қилди.

Кўксарой қароргоҳида Ўзбекистонга расмий ташриф билан келган Словакия Республикаси Бош вазири Роберт Фицони расмий кутиб олиш маросими бўлди. 

Шундан сўнг, Кўксарой қароргоҳида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Словакия Республикаси Бош вазири Роберт Фицонинг музокаралари бўлиб ўтди. Ўзбекистон ва Словакия ўртасидаги амалий ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди. Учрашув аввалида Мирзиёев ушбу ташриф кўп қиррали Ўзбекистон-Словакия муносабатлари тарихида сифат жиҳатидан янги босқични бошлаб беришини алоҳида таъкидлаган.

Фицо IV Тошкент халқаро инвестиция форумида ҳам иштирок этади.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 12 март куни Елисей саройида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Франция Республикаси Президенти Эммануэль Макроннинг музокаралари бўлиб ўтганди ва икки мамлакат ўртасида стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисида тарихий қарор имзоланганди. 20 май куни эса Венгриянинг Будапешт шаҳрида бўлиб ўтган музокаралар якунида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Венгрия Бош вазири Виктор Орбан “Кенгайтирилган стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисида”ги қўшма декларацияни имзолади


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон Словакия Роберт Фицо

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг