Ставрополдаги портлашда Россия фахрийси ҳалок бўлди

Олам

image

Бугун, 29 май куни Россиянинг Ставрополь шаҳридаги портлаш оқибатида Украинадаги босқин фахрийси Заур Гурциев ҳалок бўлди. Бу ҳақда “Коммерсантъ” хабар берди.

Маълум қилинишича, Ставрополь шаҳридаги Чехов кўчасида содир бўлган портлаш оқибатида Украинадаги босқинда қатнашаётган фахрий ва минтақавий “Қаҳрамонлар вақти” дастурининг 34 ёшли иштирокчиси Заур Гурциев ҳалок бўлган.

Ставрополь губернатори Владимир Владимиров ҳам воқеа ҳақида ўзининг Telegram-каналида ёзиб қолдирган.

“Тергов ишлари олиб борилмоқда. Барча эҳтимоллар, жумладан, Украинадан бўлган нацистлар иштирокида уюштирилган террорчилик ҳужуми версияси ҳам кўриб чиқилмоқда”, дея ёзган губернатор.

Дастлабки маълумотларга кўра, ушбу портлашда икки эркак ҳалок бўлган.

Россия Тергов қўмитаси ушбу портлаш бўйича Жиноят кодексининг 105-моддаси (қасддан одам ўлдириш) 2-қисми “а”, “э” бандлари  билан жиноят иши қўзғатган. 

Заур Гурциев  2019 йилда Россиянинг ҳаво кучларини бошқариш марказига раҳбар этиб тайинланган – ушбу марказ ҳаво ва қуруқликдаги қўшинлар ҳаракатини мувофиқлаштириш учун жавобгар эди. Шунингдек, у Украинадаги ҳарбий операция ҳудудида авиация йўналтирувчиси бўлиб хизмат қилган. У “Жасорат ордени”, “Ватан олдидаги хизматлари учун” I ва II даражали медаллар билан тақдирланган.

2024 йилнинг сентябрь ойида “Қаҳрамонлар вақти” дастурида иштирок этганидан сўнг, Ставрополь шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 25 апрель куни Россиянинг Москва вилояти Балашиха шаҳрида автомобиль портлаши оқибатида генерал Ярослав Москалик вафот этганди. Қолаверса, 3 февраль куни Россия пойтахти Москвадаги “Алые паруса” тураржой мажмуасида юз берган портлашда жароҳатланган “АрБат” алоҳида махсус бўлинмалари батальонининг асосчиси Армен Саркисян шифохонада вафот этгани ҳақида хабар берилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Украина Ставрополь Заур Гурциев

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг