Украина, ЕИ ва АҚШ таклифларининг аксарияти бизга тўғри келмайди – Ушаков
Олам
−
22 Декабрь 2759 2 дақиқа
Россия Президенти ёрдамчиси Юрий Ушаков кеча, 21 декабрь куни Майамида АҚШ, Европа ва Украина томонлари ўтказган музокаралар якунларини шарҳлаб, ушбу музокараларда ишлаб чиқилган таклифларнинг кўпчилиги Москвага “категорик тарзда тўғри келмаслигини” билдирди. Бу ҳақда у “Россия 1” телеканалидаги “Москва. Кремль. Путин” дастури бошловчиси Павел Зарубин билан интервьюда маълум қилди.
Ушаков таъкидладики, Кремльнинг расмий позицияси махсус элчи Кирилл Дмитриев 22 декабрь куни Россияга қайтиб, Президент Владимир Путинга музокаралар натижалари ҳақида ҳисобот бергандан сўнг белгиланади.
“Ҳозир жаноб Дмитриев Майамида сафарда ва у америкаликлар Европа ва украиналиклардан олган маълумотларни олиб келади. Биз буни муҳокама қиламиз, нима қабул қилиниши мумкинлигини, нима қатъий қабул қилинмаслигини кўрамиз”, деди Ушаков.
Унинг фикрича, кўпчилик таклифлар Россия учун “категорик тарзда тўғри келмайди”, чунки Москва Анкорижда ва АҚШ вакиллари билан бошқа учрашувларда келишилган шартларга амал қилади.
Шу билан бирга, Ушаков маълум қилдики, Дмитриев АҚШдаги алоқалари ҳақида “баъзи маълумотларни” аллақачон бериб бўлган.
Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби Рустам Умаров, Майамидаги АҚШ–Украина форматидаги учрашувни “конструктив” деб баҳолади. Унинг сўзларига кўра, учрашувда асосий эътибор тўрт муҳим ҳужжатга қаратилди: АҚШнинг Украина учун 20 бандлик тинчлик режасини ривожлантириш, кўп томонлама хавфсизлик кафолатлари тўғрисидаги рамкавий келишувни мувофиқлаштириш, АҚШ томонидан берилган икки томонлама хавфсизлик кафолатлари бўйича келишув ва иқтисодий ривожланиш режаси.
Украина делегациясига генерал-лейтенант Андрей Гнатов ҳам кирган. АҚШ томонидан махсус элчи Стив Уиткофф, Трампнинг куёви Жаред Кушнер ва Оқ уй ходими Жош Грюнбаум иштирок этди. Шунингдек, Европа асосий миллий хавфсизлик маслаҳатчилари ҳам қўшилиб, Украина, АҚШ ва Европа учун умумий стратегик ёндашувни мувофиқлаштирди.
Стив Уиткоффнинг таъкидлашича, Кирилл Дмитриев Флоридада сўнгги икки кун давомида АҚШ делегацияси билан Дональд Трампнинг Украина бўйича тинчлик режасини илгари суриш мақсадида самарали ва конструктив учрашувлар ўтказди.
Live
БарчасиПутин Имомали Раҳмонга таъзия билдирди.
22 Декабрь