Сурияда АҚШ элчиcининг қароргоҳи қайта очилди

Олам

image

Бугун, 29 май куни Дамашқда узоқ йиллардан бери ёпиқ ҳолда турган АҚШ элчисининг қароргоҳи қайта очилди. Бу ҳақда SANA хабар берди.

Қайд этилишича, Туркиядаги АҚШ элчиси ва бир вақтнинг ўзида Суриядаги махсус элчи сифатида тайинланган Томас Баррак элчихона қароргоҳининг тантанали очилиш маросимида иштирок этиш учун Дамашққа келган. Маросимда қароргоҳдаги АҚШ байроғи юқорига кўтарилган.

Маълумот учун, АҚШ ўзининг Дамашқдаги элчихонасини 2012 йилда ёпган. Бу қарор ўша пайтдаги президент Башар Асадга қарши бошланган норозилик намойишлари куч билан бостирилганидан сўнг, мамлакатда фуқаролар уруши бошланиши ортидан қабул қилинган.

Том Барракнинг ташрифи ва Америка байроғининг кўтарилиши АҚШ ва Суриянинг янги раҳбарияти ўртасида муносабатлар ижобий томонга ўзгарганини кўрсатувчи муҳим рамзий воқеа сифатида кўрилмоқда.

Қайд этиш жоиз, дастлаб Вашингтон Дамашқдаги янги раҳбариятга нисбатан эҳтиёткорлик билан ёндашаётганди. Бироқ сўнгги ҳафталарда Дональд Трамп бошчилигидаги АҚШ маъмурияти минтақадаги иттифоқчилари – Саудия Арабистони ва Туркия билан ҳамкорликда Сурияга нисбатан очиқликни ошира бошлади.

Эслатиб ўтамиз, май ойи бошида Трамп Суриянинг муваққат президенти Аҳмад аш-Шара билан Ар-Риёдда кутилмаган учрашув ўтказди ва ундан сўнг АҚШ Асадлар сулоласи даврида жорий этилган санкцияларни босқичма-босқич бекор қилишни бошлади.


Мақола муаллифи

Теглар

Сурия Дамашқ АҚШ элчиcи Томас Баррак

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг