Иорданияга Ўзбекистоннинг янги элчиси тайинланди

Жамият

image

Кеча, 28 май куни Ўзбекистоннинг Иорданияга янги тайинланган элчиси Нодиржон Турғунов ушбу мамлакат Ташқи ишлар ва хориждаги ватандошлар билан ишлаш вазирлиги бош котиби Мажид ал-Қатарнага ишонч ёрлиқлари нусхаларини топширди. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар берди.

Қайд этилишича, суҳбат чоғида Ўзбекистон-Иордания муносабатларини жадаллаштириш, шунингдек, БМТ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти каби халқаро ташкилотлар доирасидаги ўзаро ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинган. Икки дўст давлат ўртасида мустаҳкам тарихий ва маданий алоқалар мавжудлиги алоҳида таъкидланган.

“Сиёсий мулоқотни кенгайтириш истиқболлари, жумладан, турли даражадаги ўзаро ташрифларни ташкил этиш ва қўшма тадбирлар, хусусан, Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида сиёсий маслаҳатлашувлар ва ҳукуматлараро комиссия мажлисларини ўтказиш орқали муҳокама қилинди”, дейилади хабарда.

Томонлар савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш, жумладан, ишбилармон доиралар ўртасидаги алоқаларни фаоллаштириш ва қўшма сармоявий лойиҳаларни амалга оширишдан ўзаро манфаатдорлик билдирган. Иқтисодий дипломатияни фаол илгари суриш бўйича аниқ таклифлар кўриб чиқилган. Маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтириш, сайёҳлик алмашинувини кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратилган. Халқ дипломатиясини мустаҳкамлашнинг муҳим воситаси сифатида Ўзбекистон ва Иордания пойтахтларида Маданият кунларини ўтказиш зарурлиги қайд этилган.

Маълумот учун, Ўзбекистон ва Иордания ўртасида дипломатик муносабатлар 1993 йил 15 февралда ўрнатилган. Нодиржон Турғунов 2024 йил март ойида Ўзбекистоннинг Саудия Арабистонидаги элчиси сифатида Ар-Риёд шаҳрига борган. Шунингдек, у 2024 йил ноябрь ойида Ўзбекистоннинг Ислом ҳамкорлик ташкилотидаги доимий вакили сифатида аккредитациядан ўтган.

Эслатиб ўтамиз, апрель ойида Нодиржон Турғунов бир вақтнинг ўзида Ўзбекистоннинг биринчи элчиси сифатида Баҳрайн Ташқи ишлар вазирлигига ишонч ёрлиқлари нусхаларини топширган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон Иордания Нодиржон Турғунов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг