Саида Мирзиёева Кремль вакиллари билан учрашди
Жамият
−
29 Май 6338 3 дақиқа
Кеча, 28 май куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич қизи – Президент ёрдамчиси Саида Мирзиёева Москва шаҳрида Россия Федерацияси Президенти Администрацияси раҳбарининг биринчи ўринбосарлари Сергей Кириенко ва Алексей Громов билан учрашувлар ўтказди. Бу ҳақда у ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида маълум қилди.
Билдирилишича, Сергей Кириенко билан суҳбат давомида Ўзбекистон-Россия ҳамкорлигининг асосий йўналишлари муҳокама этилган. Икки давлат раҳбарлари ўртасидаги ишончли муносабатлар стратегик шериклик ва иттифоқчиликнинг мустаҳкам пойдевори экани алоҳида таъкидланган.

Шунингдек, ёшлар ва кадрлар сиёсати масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Бу соҳаларда ҳамкорликни янада ривожлантириш, жумладан, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш ва раҳбарларнинг янги авлодини тарбиялаш бўйича тажриба алмашиш ва қўшма ташаббусларни амалга оширишдан томонлар манфаатдор экани таъкидланган.
“Таълим соҳасидаги ҳамкорликнинг ижобий суръати қайд этилди: Россия олий ўқув юртларида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар сони тобора ортиб бормоқда. Ўзбекистонда Россиянинг бир қатор етакчи университетлари филиаллари муваффақиятли фаолият юритмоқда”, деб ёзади Мирзиёева.
Алексей Громов билан учрашувда эса асосий эътибор ахборот соҳасидаги ҳамкорлик масалаларига қаратилган. Рақамли маконни тартибга солиш, фейкларга қарши курашиш, масъулиятли журналистика стандартларини илгари суриш, шунингдек, киберхавфсизлик соҳасидаги қўшма қадамлар муҳокама қилинган. Тошкентда амалий маслаҳатлашувлар ўтказишга тайёрлик тасдиқланган.

“Медиа маконнинг тез суръатлар билан ўзгариши шароитида холисона ва барқарор ахборот муҳитини шакллантириш алоҳида аҳамият касб этмоқда”, дейди Саида Мирзиёева.
Бундан ташқари, суҳбат давомида меҳнат миграцияси ва маданий дипломатияни ёритиш масаласи ҳам кўриб чиқилган. Ахборот кун тартибида ушбу масалаларга вазмин ёндашув муҳимлиги, шунингдек, Ўзбекистон ва Россия халқлари ўртасида ўзаро англашув ва ишончни мустаҳкамлаш воситаси сифатида қўшма гуманитар ташаббусларни ривожлантириш зарурлиги таъкидланган.
Саида Мирзиёева Россия Федерацияси Президентининг ёрдамчиси Владимир Мединский билан ҳам учрашув ўтказган. У билан Ўзбекистон-Россия муносабатларининг муҳим йўналишларидан бири бўлган маданий-гуманитар ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинган.

“Маданият, таълим ва тарихий меросни сақлаш соҳаларидаги қўшма ташаббусларга алоҳида эътибор қаратилди. "Янги Қуддус" музейида ўзбек санъати кўргазмасининг очилиши ва Ўзбекистонда Россия маданияти кунларининг ўтказилиши халқларимиз ўртасидаги юқори даражадаги ишонч ва ўзаро қизиқишнинг ёрқин намунасидир”, деб ёзади Мирзиёева.

Эслатиб ўтамиз, кеча, 28 май куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич қизи – Президент ёрдамчиси Саида Мирзиёева Россия томонининг таклифига биноан Москва шаҳрида Россия Федерацияси Президенти Администрацияси раҳбари Антон Вайно билан учрашганди. Суҳбат давомида юқори суръатда ривожланиб бораётган ва аниқ натижалар бераётган Ўзбекистон-Россия ҳамкорлигининг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинган.
Live
БарчасиНавоийда Қорбоболар паради ўтказилди
25 Декабрь
Мария Захарова 50 ёшга тўлди
25 Декабрь