Эрдўған янги конституция бўйича иш бошланганини эълон қилди

Олам

image

Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған янги конституцияни тайёрлаш ишлари бошлангани ва бу борада бир гуруҳ юристлар ишлаётганини эълон қилди. Бу ҳақда давлат раҳбари кеча, 27 май куни 1960 йилги ҳарбий тўнтаришларга бағишланган нутқида сўз очди.

Унинг сўзларига кўра, аллақачон 10 нафар ходим янги конституция бўйича ишларни бошлаб юборган.

“10 нафар юрист дўстларимизга вазифа бердим, улар ишлашни бошлади. Бу ишлар орқали янги конституция тайёрлаймиз”, деган давлат раҳбари.

Президент Туркия ҳукумати “янги конституцияни ҳуқуқ тизимига тўлиқ ва кенг қамровли эркинликлар харитаси сифатида киритишга қатъий аҳд қилганини” айтган. У бу жараёнда бошқа парламент партиялари ҳам иштирок этишига умид билдирган.

Эрдўған янги конституцияни умумжаҳон мезонларига мос, эркинликлар тўлиқ ифодаланган ҳужжат сифатида таърифлаган.

Янги конституция чақириғи 2021 йилдан бери Эрдўған сиёсий кун тартибида мавжуд. У амалдаги конституциядан воз кечиш кераклигини кўп бора илгари сурган.

Шу билан бирга, Эрдўған 1960 йил 27 май куни содир бўлган тўнтаришни “Туркия қора саҳифаларидан бири” деб атаган.

“Ҳар бир янги босқич билан нафақат умидимиз, балки масъулиятимиз ҳам ортиб бормоқда”, дея қўшимча қилган у.

Маълумот учун, 1960 йил 27 май куни Туркияда биринчи ҳарбий тўнтариш содир бўлди. Бу ҳарбийлар томонидан Аднан Мендерес бошчилигидаги Демократик партия ҳукуматини ағдариш бўлиб, уларнинг сиёсий фаолияти ва конституцияга зид ҳаракатлари баҳона қилиб кўрсатилди. Ушбу тўнтаришда ҳарбийлар Миллий бирлик қўмитасини ташкил қилиб, мамлакат бошқарувини қўлга олди. Кейинчалик ўтказилган суд жараёнларида Аднан Мендерес, ташқи ишлар вазири Фатин Рушту Зорлу ва молия вазири Ҳасан Полаткан ўлим жазосига ҳукм қилинди ва 1961 йилда Имралида қатл этилди. Президент Желал Баяр эса умрбод қамоққа маҳкум қилинди, аммо кейинчалик жазоси енгиллатилди. Бу воқеа Туркияда демократик институтларга катта зарба бўлди, чунки 1950 йилдан бери фаолият юритаётган Демократик партия ҳокимиятдан ағдарилди. 1961 йилда янги конституция қабул қилиниб, янги сайловлар ўтказилди. Тўнтариш оқибатида ўлимга ҳукм қилинган сиёсатчиларнинг жами сони уч нафардан иборат бўлиб, ҳукуматдаги кўплаб бошқа сиёсатчилар ва амалдорлар қамоққа олинди ёки сиёсий фаолиятдан четлатилди.

Эслатиб ўтамиз, Эрдўған ўтган йили ҳам 1960 йилда Туркияда амалга оширилган давлат тўнтаришига 64 йил тўлиши муносабати билан ташкил этилган тадбирда пойдевори давлат тўнтаришини ўзида акс эттирган ушбу Конституцияни ўзгартириш кераклигини айтганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Ражаб Тойиб Эрдўған янги конституция

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг