Бостириб киришми ё нотўғри талқин? Шаҳбоз Шариф Путин ва Эрдўғаннинг ёпиқ учрашувини бўлдими?
Олам
−
13:08 5588 4 дақиқа
Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф кеча, 12 декабрь куни Туркманистонда Россия Президенти Владимир Путин ва Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ўртасида бўлиб ўтган ёпиқ учрашувга гўё ўзбошимчалик билан кириб боргани акс этган видеолар ижтимоий тармоқларда кенг тарқалиб, қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Аммо бу ҳақиқатан ҳам шундай бўлганми? Аслида воқеа қандай? Келинг, батафсил кўриб чиқайлик.
Ўзи нима бўлди?
Шаҳбоз Шариф Туркманистонда ўтган халқаро тадбир доирасида Владимир Путин билан учрашиши керак эди. Тадбир Туркманистоннинг доимий бетарафлик сиёсатини эълон қилганига 30 йил тўлиши муносабати билан ташкил этилган эди. Табиий газ захиралари бўйича дунёда тўртинчи ўринда турадиган Туркманистон 1995 йилда, биринчи президенти Сапармурат Ниёзов даврида, бетарафликни расмий давлат сиёсати сифатида қабул қилган.
Анжуманда Россия, Туркия, Эрон, Покистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон раҳбарлари иштирок этган. “RT India” тарқатган видеода Шаҳбоз Шариф Покистон Бош вазири ўринбосари Исҳоқ Дар билан бирга қўшни хонада Путинни кутиб тургани кўринади. Аммо Путиннинг Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған билан учрашуви 40 дақиқадан ортиқ вақтга чўзилиб кетган.

Шундан сўнг, видеога кўра, Шариф сабрсизлик қилган ҳолда, Путин ва Эрдўған ўртасидаги ёпиқ учрашув ўтаётган хонага кириб борган. Айтилишича, у Путин билан қисқача бўлса ҳам мулоқот қилишни умид қилган. Бироқ Шариф тахминан 10 дақиқадан сўнг хонани тарк этган.
Ижтимоий тармоқларда қаттиқ танқид
Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари Шарифни кескин танқид қилди. Изоҳлар орасида “глобал шармандалик”, “Путин қандай ўйнашни билади” ва “Қандай қилиб уни жиддий қабул қилиш мумкин?” каби фикрлар ҳам бўлди.
Бироқ бу видеоларни ким тарқатаётганига эътибор қаратсак, бу жорий йилнинг 5 декабрь куни Путиннинг Ҳиндистонга давлат ташрифи доирасида иш бошлаган канал эканини пайқаш мумкин. Тармоқларда Шаҳбоз Шарифни танқид қилувчи постлар билан бирга, ҳодисани талқин қилган RT India'ни, умуман олганда Ҳиндистон медиасини дизинформация ва воқеани атайин бузиб кўрсатишда айбловчи изоҳлар ҳам йўқ эмас.
“Ашхободда Шаҳбоз Шариф дипломатик маҳорат кўрсатиб, Ҳиндистон ташқи сиёсати ҳақидаги ҳикоянинг тобутига сўнгги михни урди. Путиндан тортиб Эрдўғангача, глобал етакчилар унга яқинлашди. Ҳиндистон оммавий ахборот воситалари эса тарафкашлик билан мотам тутмоқда”, деб ёзди тармоқ фойдаланувчилардан бири.
Видео тарқалганидан бир неча соат ўтиб, RT India уни ўчириб ташлади ва у “воқеаларни нотўғри талқин қилиш” бўлиши мумкинлигини билдирди.
“Биз Туркманистонда ўтган “Тинчлик ва ишонч” форумида Покистон бош вазири Шарифнинг Путин билан учрашувни кутаётгани ҳақидаги аввалги постни ўчирдик. У воқеаларни нотўғри акс эттирган бўлиши мумкин”, деб ёзди RT India X (Twitter) тармоғида.
Покистон оммавий ахборот воситаларига кўра эса, Шариф Путин ва Эрдўған билан мулоқот қилган ҳамда икки томонлама ва минтақавий масалаларни муҳокама этган.
Россиянинг РИА Новости агентлиги эса Россия ва туркия делегациялари аъзолари хонани тарк этгандан кейин етакчилар суҳбатни тор доирада давом эттиргани, бироз вақт ўтгач, Путин билан учрашувни кутиб турган Покистон Бош вазири ҳам ушбу учрашувга қўшилганини ёзди.
Путин ва Эрдўған жами ҳисобда бир ярим соат давомида мулоқот қилди. Учрашув якунлангач, аввал Эрдўған, ундан кейин эса Путин Туркия Ташқи ишлар вазири Хоқон Фидан билан бирга залдан чиқди. Россия етакчиси ва Туркия ташқи ишлар вазири суҳбатлаша туриб, чиқиш томон йўл олди.
Исломобод нима дейди?
Покистоннинг юқори лавозимли амалдорларидан бири ҳукумат бу воқеани протокол меъёрларига зид деб ҳисоблашини айтди.
“Айниқса, ядровий давлатни вакиллик қилаётган ҳукумат раҳбари бундай беэътиборликка дуч келмаслиги керак”, деди у ва Москвага норозилик ҳамда хавотир билдирилганини қўшимча қилди.
Россия расмийлари ҳозиргача расмий баёнот бергани йўқ. Кремлга яқин манбалар Путин жадвали “жуда зич ва ўзгарувчан” эканини, бир вақтнинг ўзида бир нечта икки томонлама учрашувлар ўтказилаётганини айтган. Бироқ Покистон буни оддий кечикиш сифатида қабул қилмай, делегацияга ҳеч қандай ўзгариш ҳақида хабар берилмагани ва вазият жадвал зичлигидан кўра чуқурроқ сабабларга ишора қилаётганини таъкидламоқда.
Воқеанинг аҳамияти унинг вақти билан ҳам кучаяди. Ҳодисадан бир неча кун олдин Путин Ҳиндистонга кенг ёритилган ташрифни амалга ошириб, Бош вазир Нарендра Моди билан стратегик шерикликни яна бир бор тасдиқлаган эди. Таҳлилчилар томонидан Нью-Делҳидаги расмий зиёфатлар ва узоқ музокаралар Покистон Бош вазирига бўлган муносабат билан кескин таққосланмоқда.
Тарихан Покистон ва Россия муносабатлари эҳтиёткор ва кўпинча мураккаб бўлиб келган – бунда “совуқ уруш” давридаги блоклар ҳамда Москва ва Ҳиндистон ўртасидаги мудофаа ва энергетика соҳасидаги яқин алоқалар ҳал қилувчи роль ўйнаган.
Дипломатия соҳаси мутахассислари фикрича, Ашхободда Шариф дуч келган ҳолат фақат протокол хатоси эмас, балки Покистоннинг халқаро аҳамияти ўзгариб бораётганининг белгисидир.
Live
Барчаси