Эрдўған Қора денгизни жанг майдонига айлантирмасликка чақирди
Олам
−
19:58 1280 2 дақиқа
Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Россия ва Украинани Қора денгизни ҳарбий ҳаракатлар майдонига айлантирмасликка чақирди. Бу ҳақда у бугун, 13 декабрь куни Туркманистондан қайтиш парвози чоғида журналистлар билан суҳбатда сўз очди.
“Бу на Россияга, на Украинага фойда келтиради», деди у .
Туркманистонда Эрдўған Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин билан учрашган эди.

Туркия етакчиси Қора денгизда хавфсиз кемачиликни сақлаб қолишга чақирди. Шунингдек, Туркия Президенти Россиянинг ҳарбий тажовузи объектига айланган Украинада яқин орада тинчликка эришиш мумкинлигига ишонч билдирди.
“Тинчлик яқин, биз буни кўряпмиз. Бизга керак бўлган ягона нарса — тинчлик йўлини танлаш”, деди у.
Эрдўған, шунингдек, Путин билан учрашувдан сўнг тинчлик режасини АҚШ Президенти Дональд Трамп билан муҳокама қилишни режалаштираётганини айтди.
Ўша куни Туркия Ташқи ишлар вазирлиги ҳам Россия ва Украинани Қора денгизда ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга чақирди. Анқара Одесса вилоятидаги Қора денгиз портига берилган навбатдаги Россия зарбасини қайд этиб, унда хорижий кема шикастланганини маълум қилди.
“Дастлабки маълумотларга кўра, экипаж аъзолари ва юк машинаси ҳайдовчилари эвакуация қилинган, Туркия фуқароларидан ҳеч ким жабрланмаган”, дея қайд этди идора.
Бундан бир кун олдин Киевда Россия авиаҳужуми оқибатида Одесса вилоятидаги порт инфратузилмасига зарба берилгани ва унда турк кемаси шикастлангани ҳақида маълум қилинган эди. Туркиянинг Cenk кемачилик компанияси маълумотига кўра, кема мева-сабзавот ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотларини ташиган.
Сўнгги ҳафталарда Қора денгизда Россия юклари ташилаётган кемаларга бир қатор ҳужумлар амалга оширилди. Хусусан, 2 декабрь куни Туркия соҳилларидан тахминан 80 денгиз мили (тахминан 148 км) узоқликда Россиядан Грузияга юк олиб кетаётган Midvolga 2 танкерига ҳужум қилингани хабар қилинган эди.
28 ноябрь куни эса Қора денгизда Босфор яқинида Гамбия байроғи остида сузиб юрган Kairos ва Virat номли икки танкерга ҳужум уюштирилди. Туркия соҳил хавфсизлиги бош бошқармаси ходимлари ҳужумдан кейин ёнғин чиққан Kairos кемасидан 25 нафар экипаж аъзосини эвакуация қилди. Virat кемасида 20 нафар экипаж аъзоси бўлган, уларнинг ҳаётига хавф туғилмаганини Туркия транспорт ва инфратузилма вазири Абдулқодир Уралоғлу маълум қилди. “Reuters” агентлигига кўра, ҳар икки танкер Россиянинг “соя флот”ига киради ва Ғарб санкциялари остида.
Live
Барчаси