Илон Маскнинг космик кемаси парчаланиб кетди
Олам
−
28 Май 5579 2 дақиқа
Америкалик мультимиллиардер Илон Маскга тегишли SpaceX компаниясининг Starship ракетаси тўққизинчи синов парвози чоғида бузилиб кетди. Бу ҳақда бугун, 28 майга ўтар кечаси SpaceX компанияси Х ижтимоий тармоғида хабар берди.
“Starship тез ва режасиз равишда вайрон бўлди. Жамоалар маълумотларни ўрганишда ва навбатдаги синов парвози устида ишлашда давом этади”, дейилади хабарда.
Ракета-ташувчи кеча, 27 май куни Шарқий вақт билан 19:36 да (Тошкент вақти билан 28 май 04:36) Техасдаги Starbase космодромидан учирилди. Учиришдан тахминан ярим соат ўтгач, Starship'нинг иккинчи босқичини бошқариш йўқолди.
AFP агентлиги хабарига кўра, ракета атмосферага назоратсиз кириб келган, шундан сўнг у ёниб кетган ва Ҳинд океани узра парчаланиб кетган.
SpaceX маълумотларига кўра, ҳодисага ёқилғи сизиб чиқиши сабаб бўлган бўлиши мумкин.
Маълумот учун, Starship кемасининг баландлиги 123 метр. Бу ҳозирда энг катта ва энг кучли космик ракета. SpaceX компанияси Starship'ни қайта ишлатиладиган ракетага айлантиришни мақсад қилган, бу эса космик парвозлар нархини сезиларли даражада камайтиради.
SpaceX бош директори Илон Маск Starship 2026 йилда Марсга саёҳат қила олишини кутмоқда.
Starship'нинг аввалги саккизта синовидан тўрттаси портлаш билан якунланган. Хусусан, март ойида ракетанинг юқори поғонаси портлаган. Ўшанда вайроналар Багама ороллари устига қулаган. Январь ойи ўрталарида худди шундай ҳодисада Кариб денгизидаги Туркс ва Кайкос оролларига вайроналар тушган.
Live
Барчаси