Хоқон Фидан Ғазодаги геноцидни инсоний фожиа деб атади

Олам

image

Туркия Ташқи ишлар вазири Хоқон Фидан Ғазо секторидаги вазиятни геноцид ва инсоний фожиа деб атади ҳамда бу ҳолатга дарҳол барҳам бериш зарурлигини таъкидлади. Бу ҳақда вазир Россияга ташрифи доирасида ўзининг россиялик мавқедоши Сергей Лавров билан биргаликда ўтказган матбуот анжуманида сўз очди.

Фиданнинг сўзларига кўра, агар Ғазодаги қон тўкилиши тўхтатилмаса, бу катта тартибсизликларга олиб келади ва ҳолат Исроилни ҳам четлаб ўтмайди. Шунингдек, у халқаро ҳамжамиятни ушбу инқирозни ҳал қилишда фаолроқ ҳаракат қилишга чақирган.

Хоқон Фидан Сурия бўйича ҳам фикр билдирган. Унга кўра, Туркия ва Россия Суриянинг ҳудудий яхлитлигини сақлаб қолишга ва мамлакатда тинчлик ҳамда барқарорликни таъминлашга интилади.

У шунингдек, Сурия ҳукумати халқаро ҳамжамият томонидан тобора кўпроқ қўллаб-қувватланаётганини айтган. Туркия барча қуролли гуруҳларни ягона миллий армияга бирлаштириш ташаббусини қўллаб-қувватлашини билдирган.

Фидан АҚШ ва Европа Иттифоқи томонидан Сурия ҳукуматига нисбатан қўлланган санкцияларни бекор қилиш муҳимлигини таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, бу борада Туркия фаол дипломатик иш олиб бормоқда.

Маълумот учун, Исроил жорий йилнинг 18 май куни икки ойлик тинчликдан сўнг, Ғазо секторида ҳарбий ҳаракатларни қайта бошлади. Айнан ўша куни Исроил мудофаа кучлари (ЦАХАЛ) Ғазо секторида янги қуруқликдаги операция “Гидён араваси” бошланганини эълон қилди. “The Times of Israel” нашрининг ёзишича, ҳозирда Ғазо секторида ЦАХАЛнинг барча оддий пиёда ва зирҳли бригадалари жойлаштирилган. Бош вазир Биньямин Нетаньяху Исроил Ғазо секторининг бутун ҳудудида ҳарбий назорат ўрнатиш ниятида эканини айтди. Ғазодаги оғир гуманитар вазият Европа Иттифоқини яҳудий давлати билан муносабатларини қайта кўриб чиқишга ундаган. Британия, Канада ва Франция эса санкциялар билан таҳдид қилган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 16 май куни Туркиянинг Истанбул шаҳрида Украина ва Россия томони музокаралар ўтказганди. Украина делегацияси раҳбари Умаровнинг сўзларига кўра, тўғридан тўғри музокаралар чоғида Президентлар Владимир Путин ва Владимир Зеленскийнинг шахсий учрашуви ҳам муҳокама қилинган.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Ғазо Ҳоқон Фидан

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг