Зеленскийга украиналикларнинг неча фоизи ишонади?

Олам

image
Зеленский Путиннинг тинчлик меморандуми ҳақидаги баёнотига жавоб берди north_east

Зеленский Путиннинг тинчлик меморандуми ҳақидаги баёнотига жавоб берди

Украиналикларнинг Президент Владимир Зеленскийга ишонч даражаси жорий йил март ойининг биринчи ярмидаги 69 фоиздан 74 фоизгача ўсди. 22 фоизи унга ишонмайди. Бу ҳақда Киев Халқаро Социология Институти (KIIS) томонидан 2025 йилнинг 2-12 май кунлари аҳоли орасида ўтказилган сўровнома натижаларида қайд этилган.

Сўровнома 18 ёш ва ундан катта бўлган 1010 нафар респондент ўртасида Украинанинг барча ҳукумат назорати остидаги ҳудудларида мобил телефон рақамларининг тасодифий танланиши асосида телефон орқали суҳбатлар ёрдамида ўтказилди. Рўйхатда кўнгилли Сергей Притула ҳам бор эди, унга украиналикларнинг 50 фоизи ишонади, 38 фоизи эса ишонмайди. Киев мери Виталий Кличконинг ишонч даражаси анча юқори (гарчи салбий балансга эга бўлса ҳам): аҳолининг 43 фоизи унга ишонади, 47 фоизи эса ишонмайди (баланс – 4 фоиз).

Респондентларнинг 27 фоизи депутат Алексей Гончаренко га ишонади, 41 фоизи ишонмайди. 27 фоиз қатнашчи фракциясиз халқ депутати Дмитрий Разумковга ишонади, 32 фоиз унга ишонмайди, 34 фоиз киши эса унинг кимлигини билмайди.

Собиқ президент Пётр Порошенконинг рейтинги қуйидагича: 25 фоиз ишонади, 70 фоиз ишонмайди. “Батькивщина” партиясининг етакчиси Юлия Тимошенконинг ишонч даражаси паст: 80 фоиз унга ишонмайди, 14 фоиз эса унга ишонади.

Президент девонининг собиқ маслаҳатчиси Алексей Арестович ва россияпараст сиёсатчи Юрий Бойкога (ҳар бири 7 фоиздан), шунингдек, собиқ депутат, тақиқланган “Наши” партияси етакчиси Евгений Мураевга (6 фоиз ишонч) украиналиклар камроқ ишонади.

2024 йилнинг февралига нисбатан Зеленскийга ишонч ошди, Притула ва Порошенкога ишонч пасайди, Кличко ва Тимошенкога ишонч деярли ўзгармади. Дмитрий Разумков ва Арестович мисолида уларни билмаганлар улуши сезиларли даражада ошган.

Социологларнинг қайд этишича, Украинанинг барча ҳудудларида аҳолининг аксарияти Президентга ишонч билдиради ва сўров натижаларига кўра, кўрсаткичлардаги фарқ унчалик катта эмас.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украинада аҳоли орасида тинчликка эришиш учун Россияга ҳудудий имтиёзлар бериш борасида ўтказилган сўровномада қатнашганларнинг 32 фоизи тинч-тотув яшаш учун ўзлари яшаб турган ерларни Россияга беришга рози эканлигини билдирганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Зеленский Виталий Кличко Алексей Гончаренко KIIS

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг