Ҳудудлар масаласида позицияларимиз турлича – Зеленский
Олам
−
12:15 2882 2 дақиқа
Россия ва Украина ўртасидаги тинчлик келишуви доирасида ҳудудларни бўлиш масаласида Киев ва Вашингтоннинг позициялари ҳозирча фарқ қилмоқда. Бу ҳақда Украина Президенти Владимир Зеленский Берлинда АҚШ делегацияси билан бўлиб ўтган музокаралардан сўнг маълум қилди.
Украина етакчисининг айтишича, тинчлик режаси доирасида муҳокама қилинаётган барча масалалар ҳам осон эмас, хусусан, бу ҳудудлар масаласига тааллуқлидир. Зеленский ушбу масалани Украина учун “принципиал ва оғриқли” деб атади.
“Ҳудудлар бўйича мулоқот етарлича бўлди. Менингча, ҳозирча позицияларимиз турлича. Бироқ ҳамкасбларим менинг шахсий позициямни эшитишди, деб ўйлайман”, дейди Зеленский Германия канцлери Фридрих Мерц билан қўшма матбуот анжуманида.
Украина Президенти музокараларда иштирок этган барча томонлар урушни якунлашга яқинлаштирадиган ва Украинага ҳурмат билан қаралган ҳолда ечим топиш учун самарали ишлашга тайёр эканини қўшимча қилди.
АҚШ делегацияси Украинадан Россия фойдасига ҳудудий ён беришларни талаб қилган-қилмагани ҳақидаги саволга жавобан Зеленский шундай деди:
“Қўшма Штатлар биздан ниманидир талаб қилди, деб ҳисобламайман”.
Аввалроқ, Ғарб нашрлари, жумладан AFP агентлиги манбаларга таяниб, Берлиндаги музокараларда америкалик музокарачилар Украина қўшинларини Донецк вилоятидан олиб чиқишни талаб қилганини хабар қилган эди.
“Мен АҚШни стратегик ҳамкоримиз сифатида қабул қиламан. Шу боис буни шундай ифодалайман: ҳудудлар масаласи, Россиянинг қарашлари ёки Россия талаблари бизга АҚШ орқали етказилди. Биз буни Россия талаблари сифатида қабул қиламиз”, дея қўшимча қилди у.
Маълумот учун, Украина ва АҚШ делегацияларининг Берлиндаги музокаралари 14–15 декабрь кунлари бўлиб ўтди. Учрашувда Киев ва Москва ўртасида тинчликка олиб келиши керак бўлган режанинг тафсилотлари, шунингдек, Украинага хавфсизлик кафолатлари муҳокама қилинди. Музокаралардан сўнг томонлар “сезиларли ютуқ” қайд этилганини билдириб, учрашувларни “самарали” деб баҳолади.
Учрашув якунларига кўра, Ғарб нашрлари исми ошкор этилмаган америкалик расмийларга таяниб, АҚШ Президенти Дональд Трамп Берлиндаги музокаралар натижаларидан мамнун бўлганини ва томонлар масалаларнинг 90 фоизини ҳал қилишга муваффақ бўлганини хабар қилди. Шунингдек, учрашув иштирокчилари НАТО низомининг бешинчи моддаси намунаси асосида Украинага хавфсизлик кафолатлари пакетини ишлаб чиққани айтилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Россиянинг Украинага қарши урушига барҳам бериш бўйича музокараларда олға силжиш кузатилаётганини маълум қилар экан, Киевга НАТО услубидаги хавфсизлик кафолатларини тақдим этишни таклиф қилганди.
Live
Барчаси