Ўзбекистон Норвегияга янги элчи тайинлади

Олам

image

Ўзбекистоннинг Норвегияга янги тайинланган элчиси (қароргоҳи Стокгольм шаҳрида жойлашган) Раҳматулла Нуримбетов жорий йилнинг 15 май куни ушбу мамлакат Қироли Харальд V'га ишонч ёрлиқларини топширди. Бу ҳақда “Дунё” хабар берди.

Маросимдан сўнг бўлиб ўтган мулоқот чоғида сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий, технологик ва маданий-гуманитар соҳаларда Ўзбекистон–Норвегия муносабатларининг ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Шу билан бирга, иқлим ўзгариши оқибатларига қарши курашиш, “яшил” энергияни ривожлантириш, қашшоқликни камайтириш, аёллар ва ёшларнинг жамиятдаги ролини ошириш каби муҳим йўналишларда икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш учун салмоқли салоҳият мавжудлиги таъкидланди.

Маълумот учун, Ўзбекистон ва Норвегия ўртасидаги дипломатик муносабатлар 1992 йил 10 июнда ўрнатилган. Раҳматулла Нуримбетов 2024 йилнинг 15 октябрь куни Ўзбекистоннинг Швециядаги элчиси сифатида Стокгольм шаҳрига борганди ва 4 декабрь куни Қирол Карл XVI Густавга ишонч ёрлиқларини топширган эди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистоннинг Эстонияга янги тайинланган элчиси (қароргоҳи Рига шаҳрида жойлашган) Темур Раҳмонов жорий йилнинг 16 апрель куни ушбу давлат Президенти Алар Карисга ишонч ёрлиқларини топширганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Норвегия Стокгольм Раҳматулла Нуримбетов янги элчи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг