Украина яна бир F-16 қирувчи самолётидан айрилди
Олам
−
17 Май 9880 2 дақиқа
Украинага иттифоқчилар томонидан етказиб берилган F-16 қирувчи самолётларидан бири жанговар топшириқни бажариш вақтида йўқолди. Бу ҳақда Украина Ҳарбий ҳаво кучлари хабар берди.
Қайд этилишича, самолёт билан алоқа кеча, 16 май куни тахминан соат 03:00 да узилган.
“Дастлабки маълумотларга кўра, учувчи учта ҳаво нишонини йўқ қилган ва тўртинчисига қарши авиацион пулемётдан фойдаланаётган бўлган. Шу вақтда бортда фавқулодда ҳолат юз берган”, дейилади Украина Қуролли кучлари баёнотида.
Украина Ҳарбий ҳаво кучларининг таъкидлашича, учувчи самолётни аҳоли пунктидан узоқроққа олиб чиқишга муваффақ бўлган ва хавфсиз тарзда катапулт қилиниб, қутқарув гуруҳи томонидан топилган ва эвакуация қилинган.
Воқеа тафсилотлари ҳақида бошқа маълумотлар берилмаган.
Қайд этиш жоиз, Украина 2024 йил август ойида илк F-16 самолётларини қабул қилган. Украинада F-16 билан бундай ҳодиса биринчи маротаба содир бўлаётгани йўқ. 2024 йил 29 август куни Украина Қуролли кучлари Бош штаби Украинага Ғарб иттифоқчилари томонидан тақдим этилган F-16 қирувчи самолётларидан бири ҳалокатга учрагани ҳақида хабар берганди. Ҳодиса уч кун олдин Россиянинг йирик ракета ҳужумини қайтариш пайтида юз берган. Самолётнинг қулаши оқибатида “Ой балиқ” белгиси бўлган учувчи Алексей Месь ҳалок бўлди. Фалокат сабаби учувчи хатоси деган назария бор эди. Шу билан бирга, Олий Рада депутати Маряна Безуглая ўз манбаларига таяниб, F-16 Украинадаги Patriot мудофаа тизими ўқи билан уриб туширилганини маълум қилди ва Ҳаво кучларини воқеани бости-бости қилиб юборишда айблади.
Эслатиб ўтамиз, апрель ойи ўрталарида Украина Ҳаво кучлари капитани Павло Иванов F-16 самолётида жанговар топшириқни бажариш чоғида ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилган эди. Украина Президенти Владимир Зеленский Ивановга вафотидан сўнг “Украина Қаҳрамони” унвонини берган. Россия Мудофаа вазирлиги ҳам F-16 самолётининг уриб туширилгани ҳақида маълум қилган, аммо тафсилотларни очиқламаган.
Live
БарчасиНавоийда Қорбоболар паради ўтказилди
25 Декабрь
Мария Захарова 50 ёшга тўлди
25 Декабрь