Блогер Гусейн Гасанов қидирувга берилди
Маданият-санъат
−
15 Май 15574 2 дақиқа
Россиялик блогер Гусейн Гасанов жиноят йўли билан олинган даромадларни легаллаштириш иши бўйича сиртдан ҳибсга олинди ва қидирувга берилди. Бу ҳақда Россия Ички ишлар вазирлигининг маълумотлар базасида келтирилган.
Москвадаги Чертановский туман суди блогерни ҳибсга олишга 23 апрель куни қарор чиқарган. Орадан бир кун ўтиб, бу қарорга апелляция шикояти берилган. Блогерга нисбатан қўлланилган модда (Россия Жиноят кодексининг 174-моддаси 4-қисми – жуда катта миқдордаги пул маблағларини легаллаштириш ва ювиш) бўйича энг кўп жазо 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиш, шунингдек, 5 йилгача бўлган давр учун иш ҳақи ёки бошқа даромад миқдорида жаримани назарда тутади.
У бу ҳақда ўзининг Instagram саҳифасида баёнот берди. Гасановнинг таъкидлашича, у ҳеч қандай солиқ қарзига эга эмас.
“Ҳа, бу ваҳимали янграйди – “сиртдан ҳибс”, лекин аслида ҳаммаси бунчалик драматик эмас. Ўтган йили барча солиқ масалалари ҳал этилган эди”, деди у.
Шунингдек, у адвокатлар бу масала устида ишлаётганини қўшимча қилган.
Маълумот учун, 2024 йил июнь ойида Федерал солиқ хизмати блогернинг умумий қиймати 112 миллион рубль бўлган мол-мулкини – икки автомобиль ва Москва шаҳридаги квартирани ундиришни талаб қилган. Ўшанда Гасанов солиқ қарзини тўлаган ва арбитраж суди ФСХнинг даъвосини бекор қилган.
Гусейн Гасановнинг Instagram'даги саҳифасида 30,4 миллиондан ортиқ обуначи бор.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йили июлда Гусейн Гасановга тегишли бўлган айрим компаниялар давлат олдидаги қарзлари сабаб ёпилгани ва блогернинг ўзи қарзлари сабаб қочиб юргани хабар қилинганди. Ўшанда Гасановнинг солиқ идораларидан қарийб 1,7 миллион доллар қарзи борлиги айтилган эди.