Россия ва Германия яширин музокаралар ўтказди

Олам

image

Озарбайжоннинг пойтахти Баку шаҳрида Россия ва Германия сиёсатчиларининг навбатдаги махфий учрашуви бўлиб ўтди, унда, эҳтимол, Россиянинг Украинадаги уруши бошланганидан кейин расман ўз ишини тўхтатган “Петербург мулоқоти”нинг келажаги муҳокама қилинди. Бу ҳақда жорий йилнинг 8 май куни “Deutsche Welle” хабар берди.

Маълум қилинишича, ушбу учрашув Россия ва Германиянинг уруш бошланганидан кейин “Петербург мулоқоти” лойиҳаси доирасида ёпиқ ҳолда амалга оширилган учинчи учрашуви саналади.

Германиядан Озарбайжон пойтахтига Германия Социал-демократик партиясининг ташқи сиёсат бўйича эксперти Ральф Стегнер, федерал канцлер идорасининг собиқ раҳбари Рональд Пофалла, шунингдек, “Петербург мулоқоти”нинг собиқ ижрочи директори Мартин Хофманн келган.

Учрашувда уларнинг ҳеч бири ўз иштирокини инкор этмаган, чунки у хусусий характерга эга бўлиб, ҳеч қандай давлат муассасаси томонидан буюртма қилинмаган ёки молиялаштирилмаган. Германия Ташқи ишлар вазирлиги ҳам “учрашувлар федерал ҳукумат номидан ўтказилмагани ва режалаштирилмаганини” маълум қилган. Бундан ташқари, ОАВ маълумотларига кўра, Бакуда швейцариялик дипломат Томас Гремингер бўлган. У изоҳ беришдан бош тортган.

Россия томонидан учрашувда Россиянинг собиқ бош вазири ва “Газпром” кузатув кенгаши раиси Виктор Зубков иштирок этган. Зубков узоқ вақт давомида Россия томонидан “Петербург мулоқоти”га раҳбарлик қилган. Унга Россия Президенти ҳузуридаги Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш раҳбари Валерий Фадеев ҳамроҳлик қилган. Бу камида учинчи шундай учрашув. Ўтган сафар 2024 йилда шунга ўхшаш таркибдаги делегациялар Бакуда икки марта учрашган.

Маълумот учун, “Петербург мулоқоти”нинг асосий воқеаси икки мамлакат вакилларининг форуми бўлиб, у 2001 йил апрелидан бери ҳар йили ўтказиб келинди. 2014 йилда Москва Қрим яриморолини аннехиа қилгани сабабли форум бекор қилинган эди. 2015 йилда Потсдамда бўлиб ўтган форум икки давлат ўртасида, хусусан, Россияда ҳуқуқ ва эркинликларни чеклаш масаласи ҳамда Россиянинг Украинадаги ҳаракатлари бўйича чуқур келишмовчиликларни кўрсатди. Россия томонида иштирокчилар таркиби аста-секин ўзгариб, Кремлнинг ревизионистик сиёсати тарафдорлари, масалан, Давлат думаси депутати Вячеслав Никонов кабилар киритилди.

Кейинги йилларда томонлар ўртасида бироз яқинлашув кузатилди ва сўнгги форумда ҳатто Россия ва Германия форумга параллель равишда ҳукуматлараро маслаҳатлашувлар ўтказилган “Петербург мулоқоти”нинг анъанавий форматига қайтиш мумкинлигига умидлар ҳам пайдо бўлди. Лекин бундай бўлмади. 2020 йилда Петербург диалог форуми коронавирус пандемияси туфайли тўхтатилган. Кейинги форум 2021 йил октябрь ойида Калининградда ўтказилиши керак эди, аммо у ҳам бўлиб ўтмади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сурия ва Исроил Бирлашган Араб Амирликлари (БАА) томонидан яратилган алоқа каналидан фойдаланиб, билвосита музокаралар олиб бораётгани ҳақида хабар берилган эди. Мулоқотлар икки давлат ўртасидаги ишончни мустаҳкамлашга қаратилган ва биринчи навбатда хавфсизлик масалаларини муҳокама қилишни назарда тутади.


Мақола муаллифи

Теглар

Германия Россия Баку

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг